Газ яна барчанинг муаммосига айланди

27.02.2024 15:02:27

Кун мавзуси


Айни кунларда эрталаб уйдан чиқар экансиз. кунлик қиладиган ишингиздан аввал газ ва электр энергия ҳақида ўйлайсиз.
Ҳавонинг совиб кетиши натижасида газ босимининг пасайиши туфайли автомобилларга газ қуйиш шохобчалари фаолиятига вақтинчалик чекловлар ўрнатилмоқда. Устига устак, электр энергиясидаги узилишлар чеклов вақтини узайтиряпти. Автомобилларга газ қуйиш шохобчалари олдидаги турнақатор машиналар ташвишингизни оширади.
Савол туғилади: бу ҳолат қачонгача давом этади? Биз қайси даврда яшаяпмиз? Инновация, рақамлаштириш ҳақидаги гаплар, наҳот бу масала масъул идораларнинг раҳбарларига тегишли бўлмаса? Яшириб нима қилдик, биргина газ қуйиш шохобчаларида бир неча кундан буён давом этаётган бундай ҳолат айрим кўнгилсизликларга ҳам сабаб бўлмоқда. Ҳайдовчиларнинг жанжаллари, кутилмаган автотўқнашувлар, йўл ҳақининг оширилиши, вақт йўқотишлар…
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлари томонидан Энергетика вазирлигига айни шу мавзуда депутат сўрови киритилгани айни муддао. Бу кечиктириб бўлмайдиган масала. Агар Энергетика вазирлиги томонидан истеъмолчилар газ қачон етказиб берилиши ва қанча захира борлиги тўғрисида хабардор қилиб борилса, муаммо оз бўлса-да камаяди. Онлайн маълумот олиш тизимини йўлга қўйилиши натижасида ҳайдовчилар вақтини кутиш билан ўтказмай, режа асосида иш юритади. Аҳолининг ҳақли эътирозларига ҳам ўрин қолмайди. Муаммо жуда тез ечимини топиши зарур. Чунки бу истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш баробарида жамоатчиликни рози қилишга олиб келади. Яна бир гап. Яқинда “Адолат” газетасида берилган “Қачонгача ҳукуматдан нолиймиз” сарлавҳали мақолада газ ва электр энергия таъминотини яхшилаш борасида давлатимиз томонидан қилинаётган ишлар ва истеъмолчиларнинг ноқонуний ҳаракатлари кўтарилганди. Назаримда ҳамон бу муаммо ҳам ечимини кутяпти. Тегишли соҳа раҳбарлари олдига талаб қўйишга қўйяпмиз. Ўз масъулиятимизга келганда бефарқмиз. Ахир истеъмол қилинган газ ва электр энергия учун вақтида тўловни амалга ошириш ҳам юқорида биз айтган муаммонинг ечимига олиб келмайдими?

Акбаржон Назаров,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Андижон вилоят кенгаши Матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+