Хотин-қизлар ҳар жабҳада фаол ва ташаббускор

05.04.2024 09:04:33

Ҳар қандай жамиятнинг бугуни, эртаси, маънавияти ва маданият даражаси, энг аввало, аёлнинг интеллектуал ва маънавий камолоти билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Азал-азалдан улуғ зотларнинг камол топишида билимли, меҳрибон оналарнинг, доно хотинларнинг ўрни катта бўлган. Бугун Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши ва оила ва хотин-қизлар қўмитаси Қашқадарё вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда Қарши инновацион университетида “Хотин-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш — демократик жамият пойдевори” мавзусида ташкил этилган тадбирда ҳам хотин-қизлар масаласи асосий мавзу бўлди.

Айни пайтда аёлларимизнинг бошқарув тизимидаги улуши 33 фоизни ташкил этиб, 1500 нафарга яқин замондошимиз турли даражадаги раҳбарлик лавозимларини эгаллаб келмоқда, - деди Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Қашқадарё вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Манзура Очилова. - Олий таълим тизимидаги профессор ўқитувчиларнинг 45 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Таълимда квоталар ва имтиёзларнинг оширилиши кўпгина чекка ҳудудларда яшаётган қизларимиз учун кенг имкониятлар эшигини очиб бергани ҳам айни ҳақиқатдир. Хотин-қизларнинг салоҳиятини янада ошириш, давлат бошқарувидаги иштирокини кучайтириш мақсадида замонавий билим, истеъдод ва етакчилик фазилатларига эга бўлган 6 мингдан зиёд юртдошларимизни ўз ичига олган кадрлар захираси шакллантирилди. Биргина ўтган йили вилоятимизда ҳам ўнлаб хотин-қизлар Олий таълим муассасаларига имтиёзли асосда қабул қилинган бўлса, 5000 нафардан зиёд аёллар ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этилди. 1000 нафарга яқин уй-жойга муҳтож хотин-қизларга яшашлари учун уй ажратилди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар хотин-қизларда замонавий аёл қиёфасини шакллантиришни, яъни унинг нафақат баркамол фарзандлар тарбиячиси, оила меҳригиёси, балки мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, иқтисодий ҳаётида ҳам фаол иштирок этишини талаб қилмоқда, - деди партиянинг вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” фаоли Дилрабо Чориева. - “Адолат” СДПнинг “Аёллар қаноти” аъзолари ўзларининг ижтимоий-сиёсий фаолиятларини аҳоли орасида қанча жонлантириб, кенгайтириб борса, халқимизнинг сиёсий онги ва фаоллиги шунча юксалиб, мамлакатда бўладиган ўзгаришларга таъсири янада ортаверади. Шуни ҳисобга олиб, партия вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” ташаббуси билан ҳуқуқ-тартибот идоралари, оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида жорий йилнинг ўтган ойларида гендер тенглик, хотин-қизларнинг ҳуқуқий, маънавий билимини янада ошириш мақсадида “Хотин-қизларни зўравонликлардан ҳимоялаймиз”, “Аёл ҳуқуқларини таъминлаш – тенглик тамойилининг муҳим омили” каби 64 та турли мавзуларда тадбирлар ўтказдик. “Тенг имкониятлар учун курашамиз”, “Бир ойда -бир иш ўрни”, “Бир адолатчи –юз аёлга ҳимоячи” лойиҳаси доирасида 34 нафар хотин-қизлар бандлиги таъминланди.


Тадбирда Халқаро инновацион университети ўқитувчиси, фалсафа фанлари номзоди Наргиза Ўроқова ва университетнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Феруза Ражабованинг “Тафаккури соғлом ёшлар — Янги Ўзбекистон яратувчиси”, “Маърифатли жамиятни маърифатли аёллар билан қурамиз” мавзулардаги маърузалари ҳам тингланди. Иштирокчилар масъуллардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди. Тадбир иштирок этган хотин-қизлар учун ёрқин таассуротларга бой бўлди.

Гулноза Раджабова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси ўринбосари.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+