Илм ва маърифат — тараққиёт ва бунёдкорлик асоси

24.04.2024 11:04:08

Ўзбекистон «Адолат» СДП Сурхондарё вилояти Кенгаши томонидан Термиз давлат педагогика институтида хотин-қизларнинг сиёсий–ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида «Илм-маърифат – тараққиёт ва бунёдкорлик асоси» мавзусида тадбир ташкил этилди.

Тадбирда партиянинг вилоят Кенгаши вакиллари, депутатлар, Термиз шаҳар Ички ишлар бўлими ходимлари, институт профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар иштирок этишди.

Маърузачилар томонидан мамлакатимизда гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, шунингдек, маънавий тикланиш, ёшларимиз онги ҳамда дунёқарашини миллий қадриятлар асосида бойитиб бориш, миллий маънавиятимизни турли таҳдидлардан асраш, ёшларни дунёқараши кенг, креатив фикрлайдиган, ташаббускор, ҳалол, жонкуяр ҳамда муаммоли вазиятларда тўғри қарор қабул қиладиган қилиб тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

- Креатив тафаккур жараёни мавжуд билимларга боғлиқ, - дейди Термиз давлат педагогика институти Тарих факультети «Тарих ва уни ўқитиш методикаси» кафедраси мудири Ойбек Исаев. - Шу нарсани алоҳида қайд қилиб ўтиш керакки, ўзаро алоқа қилишда тафаккур муҳимроқ, мавқелироқ ўрин тутади. Ҳозирги замон таълими олдида турган асосий мақсад — ўқувчи ёки талаба шахсини билимлар билан қуроллантириш билан бирга уларга фикр юритиш фаолиятини ўргатиш ҳам ҳисобланади. Умуман, инсоннинг ижодий тафаккуридаги ғоявий, маърифий, маданий ва диний қадриятлар, дунёқараш, урф-одатлар, анъаналар ва муносабатлар келажак авлоднинг маънавий меросини белгилашда катта аҳамиятга эга эканини унутмаслик лозим.

Тадбир давомида маърузачилар шукроналик, ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий тарбия муҳитини мустаҳкамлаш, ажримларнинг сабаблари, салбий оқибатлари ва уларнинг олдини олиш каби мавзуларга ҳам тўхталиб ўтдилар.

Шундан сўнг, тадбир иштирокчилари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Дилафрўз РАҲМАТОВА,
Ўзбекистон «Адолат» СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши
мафкуравий масалалар бўйича бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+