Инсон қадри улуғланаётган юртда фуқаролар саломатлигини сақлаш бош мақсад

16.04.2024 13:04:30

Дунёда шундай оғир хасталиклар борки, бундай касалликка чалинган беморлар ва уларнинг яқинлари фақатгина шифокордан нажот истайди. Ана шундай оғир касалликлардан бири, шубҳасиз, онкологик хасталиклардир. Афсуски, кейинги йилларда дунё бўйлаб бу дард билан оғриётган беморлар сони ортиб бораётгани ҳам сир эмас. Мамлакатимизда ушбу касалликларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани эътиборга молик.
Яқинда Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази, Ўзбекистон “Адолат” СДП Марказий Аппарати ва Тошкент шаҳар кенгаши ҳамкорлигида партиянинг “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида “Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар борасида яратилган шарт-шароитлар ва уларнинг сифатли тиббий хизматга бўлган эҳтиёжини қондириш” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Онкология маркази жамоаси, “Адолат” СДП ходимлари ва фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Марказ фаолияти билан яқиндан танишиш, “Адолат” СДП фаолиятини кенг тарғиб этиш, жамоатчилик орасида партиянинг танилувчанлигини ошириш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова иштирок этди ва маъруза қилди.
– Тирик жон борки, дардга чалинади, шифо излайди, – деди Робахон Махмудова ўз маърузасида. – Бироқ шундай хасталиклар борки, бундай касалликлар номини эшитишнинг ўзиёқ оғриқли. Табиийки, бундай касалликка чалинган инсонлар саломатлигини тиклаш йўлида фаолият олиб борувчи шифокорлар меҳнатининг залвори ҳам оғир. Онкология соҳаси вакиллари бу машаққат қандай эканлигини жуда яхши англашади. Онкологлар нафақат хасталик билан, балки беморлар руҳиятидаги умидсизлик, тушкунлик ҳолати билан ҳам басма-бас курашишларига тўғри келади. Бу эса, албатта, ҳар бир ходимдан кеча-ю кундуз тиним билмай ишлашни, улкан сабр-тоқат ва фидойиликни талаб этади. Биз бугун мана шундай фидойи инсонлар меҳнат қиладиган шифо масканига марказ фаолияти билан яқиндан танишиш, жамоа билан дилдан суҳбатлашиш мақсадида йиғилдик.
Қолаверса, бугунги тадбир давомида марказнинг бир қатор раҳбар ва масъул ходимларини партиямиз сафига қабул қилиш имкониятига эга бўлаётганимиздан хурсандмиз. Партиямиз сафи сиз каби фидойи, зиёли, жонкуяр маслакдошлар билан янада кенгайиб бораётганидан ғоят мамнунмиз. Ҳаммангизга маълумки, партиямиз Сайловолди дастурида мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига алоҳида эътибор қаратилган. Бугунги кунга келиб, Сайловолди дастуримизда белгиланган бир қатор таклифлар мамлакатимиз қонунчилигида ўз аксини топди. Замонавий, юқори технологияли, самарали тез тиббий ёрдам хизматини шакл-лантириш чораларини кўриш, шошилинч тез тиббий ёрдам хизматининг тезкорлиги халқаро эътироф этилган талабларга мос бўлиши, бош-қаришнинг ахборот тизимини жорий қилиш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасидаги таклифларимиздан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимиз тез тиббий ёрдам хизмати ислоҳ қилинди.
Кези келганда, юксак фахр билан эътироф этиб ўтишим керакки, партиямиз электоратининг катта қисми тиббиёт ходимларидан иборат. Партиямиз шу кунга қадар Сайловолди дастурида энг асосий тамойиллардан бири сифатида белгилаб қўйилган аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Республикамиз бўйлаб хизмат кўрсатадиган барча онкология марказларидаги мавжуд муаммолар, ютуқ ва камчиликлар билан яқиндан танишиш мақсадида олиб борилган ўрганиш ишларимиз ҳам шулар жумласидандир. Пировард натижа, ўрганишларимиз асосида соҳа ривожига ҳисса қўшувчи таклифлар ишлаб чиқиш, фуқароларимиз оғирини енгил, мушкулини осон этишдан иборат.
Ҳаммамизга маълумки, бутун дунёда бўлгани каби, юртимизда ҳам йил сайин онкологик касалликлар кўпайиб бормоқда. Маълумки, 20-30 йил давомида тиббиётнинг энг мураккаб соҳаларидан бири саналган онкология ўз ҳолига ташлаб қўйилган эди. Шу боис кўплаб бемор юртдошларимиз хорижий давлатларга бориб даволанишга мажбур бўлишарди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда онкология соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш борасида давлатимиз раҳбари томонидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, бу йўналишда алоҳида ихтисослаштирилган тиббиёт маркази ва унинг ҳудудий филиаллари ташкил этилмоқда. Марказлар зарурий моддий-техника базалари билан таъминланмоқда. Бу эса ўз навбатида онкологик хасталиклар туфайли азият чекаётган минглаб ҳамюртларимиз оғирини енгил, мушкулини осон қилмоқда. Эндиликда кўп сонли беморлар хорижий давлатларда эмас ўз юртимизда даволаниш имкониятига эга бўлишмоқда.
Албатта, бу ўринда сиз – фидоий шифокорларнинг ҳиссаларингиз беқиёс. Келажакда партиямиз ва марказ ўртасидаги ҳамкорлик асосида халқимиз манфаатига хизмат қилувчи самарали лойиҳаларни амалга оширамиз, деган умиддамиз.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош онкологи, Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Мирзағолиб Тиллашайхов маъруза қилиб, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, қўлга киритилаётган ютуқлар, ечимини кутаётган муаммолар хусусида батафсил тўхталди.
– Сўнгги етти йилликда юртимизда олиб борилаётган тарихий ислоҳотларга барчамиз гувоҳ бўлаяпмиз, – деди ўз сўзида Мирзағолиб Тиллашайхов. – Бугун Ўзбекистон “инсон қадри учун” тамойили асосида юксалиб бораётганини бутун дунё кўриб, тан олиб турибди. Ўтган йиллар мобайнида давлатимиз раҳбари томонидан ижтимоий соҳа бўлмиш – тиббиётга, шу жумладан, онкология соҳасига катта эътибор қаратиб келинмоқда. Сўнгги 6 йилда онкология соҳасида Президентнинг 4 та, Вазирлар Маҳкамасининг 3 та қарори қабул қилинганлиги ҳам муҳтарам Президентимиз раҳбарлигидаги ҳукуматимизнинг соҳага юксак эътибори намунасидир десак, адашмаймиз.
Кейинги йилларда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган 16 та онкологик муассаса тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Бундан олти-етти йил аввал бу муассасаларда 5 нур терапия ускунаси бўлган бўлса, бугунги кунда беморларга 27 та нур терапия ускуналари хизмат кўрсатмоқда. Яқин ўтмишда беморлар 5-6 ойлаб навбат кутишган ёки мажбурликдан чет элларга даволанишга кетишган бўлса, бугун барча беморлар юртимиз онкология муассасаларида навбатсиз нур терапия олишмоқда.
Биламиз, онкологик касалликни даволашда энг муҳим восита – бу кимё препаратларидир. Тасаввур қилинг, 6 йил аввал ўсмага қарши дориларга 1,2 миллион АҚШ доллари ажратилган бўлса, бугунги кунда бу маблағ деярли 11 баробар кўпайиб, 13,5 миллион АҚШ долларини ташкил қилмоқда. Кимё дорилари таъминоти ҳам 12-15 фоиздан 95-97% гача ошди.
Авваллари фуқароларимизни хорижга чиқиб кетишларига сабаб бўладиган яна икки омил – бу Позитронэмиссион томография (ПЭТ) ва Иммуногистохимия (ИГХ) текширувларининг юртимизда йўқлиги эди. Бугунга келиб эса давлат-хусусий шерикчилик асосида юртимиздаги барча онкологик беморларга зарур бўлган ПЭТ текширишлари давлат маб-лағлари ҳисобидан мутлақо бепул, нав¬батсиз амалга оширилмоқда. ИГХ лабораториялари эса барча филиалларимизда янгидан ташкил этилиб, энг замонавий ускуналар ва 60 хилдан ортиқ реактивлар билан таъминланди. Натижада аҳоли тўлиқ бепул текширишлардан ўтказилмоқда. Бугунга келиб, бемор юртдошларимизнинг хорижий шифохоналарга мурожаат қилишларига умуман эҳтиёж қолмади.
Яратиб берилаётган имкониятлардан фойдаланиб, мутахассисларимиз чекка ҳудудларда бўлиб, ихтисослаштирилган онкология хизматини яхшилаш учун 50 000 нафардан ортиқ беморларни текшириб чиқишди. Ҳудудларда 2000 мартадан ортиқ маҳорат дарс¬лари, 1300 марта семинарлар ўтказиб, салкам 800 нафар беморларда жарроҳлик амалиётини бажаришди.
Онкологик касалликлар билан самарали курашнинг энг асосий омили, бу – уларни эрта, ҳали белги бермаган босқичларда аниқлашдир. Бунинг учун юртимизнинг барча ҳудудларига мобил маммографлар харид қилиниб, юртимизда энг долзарб бўлган кўкрак бези саратони скрининги ўтказилмоқда. Шу кунгача юртимизда 1 500 000 га яқин аёлларда скрининг бажарилган бўлса, улардан 300 000 дан ортиғида маммографик скрининг ўтказилди. Аниқланган 1037 беморнинг 80%дан ортиғи эрта 1-2 босқичлардир.
Оғир, мунтазам кузатув ва давога муҳтож бўлган беморлар учун Урганч ва Самарқанд шаҳарларида 2 та хоспис фаолият юритмоқда, Фарғона ва Тошкент шаҳарларида ҳам хоспислар қурилмоқда. Бундай хоспислар босқичма-босқич барча ҳудудларда қурилиши режалаштирилган.
Бачадон бўйни саратони профилактикаси мақсадида 9-14 ёшли қизларда 98% қамров билан одам папилломаси вирусига қарши эмлаш ўтказилмоқда. Шу мақсадларда Чирчиқ шаҳри ва Қорақалпоғистон Рес¬публикасида 30-55 ёшли аёлларда бачадон бўйни саратони скрининги тажриба тариқасида якунланди. Жорий йил бошида бундай скрининг республика бўйлаб ўтказилиши бошлаб юборилди.
2024 йил юртимиз онкология тизимида янада катта ислоҳотлар йили бўлади. Чунки муҳтарам Президентимиз қарори билан Тошкент тиббиёт академияси ҳудудида 650 стационар, 100 амбулатор ўринли янги онкология маркази биноси қуриб битказилмоқда. Ушбу бино Марказий Осиёда ягона, энг замонавий услубдаги, мукаммал жиҳозланган, барча шароитларга эга муассаса бўлади.
Янги бино 8 қаватдан иборат бўлиб, беморларни қабул қилувчи маслаҳат поликлиникаси 500 қатновга мўлжалланган бўлади. Марказда 17 та янги клиник бўлимлар, 16 та жарроҳлик хоналари, консол функционал ўринларга эга реанимация ва интенсив терапия заллари бўлади. Нур терапия ва радиактив моддалар билан текшириш ва даволашга ихтисослашган Ядро тиббиёти маркази очилади. Унда 9 та замонавий бункер жойлашади. Натижада Тошкент шаҳрида тарқоқ ҳолатида фаолият юритаётган 5 та онкология кафедралари, ягона муассасада бирлашади. Талабалар, клиник ординатор ва магистрларга онкология фани бўйича ўтилаётган дарслар сифати кескин яхшиланади.
Янги марказ ва юртимиз онкология муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилаш учун Ислом тараққиёт банки кредити II-фазаси 80 миллион АҚШ долларига энг замонавий ускуналар харид қилинмоқда. Булар: 3 та чизиқли тезлаткич, 5 та брахитерапевтик ускуна, 12 та рентген-терапевтик ускуна, 7 та МРТ, 6 та МСКТ, 3 та ангиографик тизим, 17 та стационар рақамли рентген ускуна, 21 та С-дуга мобил рентген, 1 та ПЭТ/КТ марказ қуриш ва бошқалар.
Ўйлаймизки, қуриб битказилаётган янги онкология маркази ва умуман, мамлакатимизда онкология соҳасида амалга оширилаётган ишлар юртимиз онкология хизмати ва тиббиётини янада ривожланиши йўлидаги улкан қадам бўлади. Буларнинг барчаси замирида эса, албатта, халқимизни тиббиёт ходимларидан розилигига эришиш ётади.
Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтариш “Адолат” СДПнинг бош мақсадларидан биридир. Шу боис ҳам партия Сайловолди дастурида “Аҳоли саломатлиги – улкан бойлик, жамиятнинг барқарор ривожланиши гаровидир. Биз аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини қайта шакллантиришни давом эттириш тарафдоримиз.
Бизнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги устувор мақсадимиз – аҳолига барча даражада (республика, вилоят, туман, қишлоқ) юқори технологияли, ихтисослаштирилган ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш тизими самарадорлигини таъминлашдан иборат. Биз касалланиш йўналишларини ўз вақтида аниқлаш мақсадида ихтисос¬лаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимига илмий-тадқиқот фаолиятининг охирги ютуқларини фаол жорий қилиш тарафдоримиз”, деб белгилаб қўйилган.
Қизғин суҳбатлар, савол-жавоблар тарзида ўтган давра суҳбати сўнггида, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг бир гуруҳ раҳбар ва ходимлари “Адолат” СДП сафига қабул қилинди.

Сардор ҲАМРОЕВ,
Ўзбекистон "Адолат" СДП
Марказий аппарат бўлим бошлиғи.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+