Инсон қадри улуғланган юрт

26.03.2024 16:03:55

Мамлакатимизда миллий ўзлигимизни тиклаш, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари улуғланадиган “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги мамлакатимиз Президенти Ш. Мирзиёевнинг қарори ватандошларимизни қалбига ғурур ва ифтихор бахш этди.
Юртдошларимиз томонидан оила ва маҳаллаларда ўзаро меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш, ёш авлодимизни билим-маърифат ва гўзал хулқ соҳиблари этиб камол топтириш, эҳтиёжманд инсонларга кўмак ва ёрдам кўрсатиш каби эзгу амалларни сидқидилдан адо этиш мақсадида турли хайрли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мурувват, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни улуғловчи ушбу фазилатли ойда кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш мақсадида халқ депутатлари Фарғона тумани Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан "Ўзбекистон инсон қадри улуғланган юрт" лойиҳаси доирасида хайрия тадбирлари ўтказилди.
Депутатлар Файзуллоҳ Мирзаев, Озодахон Дадажонова, Абдусамад Aлобидинов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона туман Кенгаши раиси Нодирбек Каримовлар ташаббуси билан тумандаги “Қорасув”, “Фарғона” маҳалла фуқаролари йиғинларида истиқомат қилувчи ижтимоий оғир шароитдаги, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган ва даволанишга ўндан ортиқ муҳтож фуқаролар ҳолидан хабар олинди.
Тумандаги “Фарғона” МФЙ, Оби ҳаёт кўчасининг 107-уйда истиқомат қилувчи Мавлоно Аҳмадбеков юртимиз ижтимоий-маънавий ҳаётига ўзининг салмоқли улушини қўшган маҳоратли журналист эди. Тақдир тақозоси ва дард туфайли сўнгги йилларда тўшакка михланиб қолган. "Адолат" фаолларининг отахон хонадонига бориши уни чексиз қувонтириб юборди.
- Касаллик исканжасида бўлган чоғингиз инсонларнинг меҳри ва бу каби йўқлови ҳаётда яшашингизга ва соғлигингизни қайта тикланишига кўнглингизда умид учқунларини пайдо қилар экан. Адолат партияси фаолларининг ҳолимдан хабар олиши ва самимий сўзлари менга қувонч бағишлади, - деди Мавлоно Аҳмадбеков.- Саховатли халқимиздан, ҳолимиздан хабар олгани келган партия фаолларидан миннатдорман.
Хайру саховат тадбирлари давом этмоқда.

Гулчеҳра Аҳмедова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+