Кўнгил ёруғлашар кун ўтган сари...

04.09.2020 10:09:48

 

Ҳаёт бир кун ундай, бир кун бундай, давом этаверади. Мустақил бўлганимизга ҳам 29 йил бўлибди. Шу йиллар ичида кўп нарсаларга ўргандик. Жумладан, ердан фойдаланиш, икки-уч марта экин экиб олиш, иқтисоднинг муҳимлигига эътибор қаратиш, дунёда тенглар ичра тенг бўлиш, маънавият ва заковат соҳасида ўзимизга хос тафаккур тарзимизни яратиш, аждодларимиздан ўрнак олиш, фарзандларни тарбиялашда ота-боболаримиз ишлаб чиққан урф-одатлардан фойдаланиш, ўзлигимизни англаб бориш ва ҳоказо.

Йиллар ўтар экан, мустақилликнинг қадри, халқимизни қандай ёруғ йўлларга олиб чиққани янада равшан нур сочиб бўй кўрсатаверади. Собиқ Иттифоқ даврида пахтадан бош кўтармаган халқимиз  бугун осмонўпар бинолар қуриб, замонавий технологиялар асосида иссиқхоналарда иш юритишяпти. Устидан самолётда дори сепилган замонлар ўтиб, унинг ўзи янгидан янги дори воситалари, инсон соғлиғини тикловчи фармацевтик воситалар ишлаб чиқармоқда. Ўз томорқасига экин экишга вақт тополмаган кишилар бугун товуқчилик, чорвачилик, балиқчилик қилишяпти. Авваллари қишлоқларда фақат сувчи, бригадир, табелчи, чопиқчи ёки теримчи деган касблар бўлган бўлса, энди йилдан йилга турли касб эгалари кўпайиб, ёшларимизга олий ўқув юртларига қабул квоталари кўпайяпти. Буларга шукр қилиш керак эмасми?

Масалан, аввал ал-Бухорий, ат-Термизий, Амир Темур, Аҳмад Яссавий ва бошқа буюк боболаримиз мактаб дарсликларида ҳам ақалли бир дарс соатида эсланмаган бўлса, бугун болаларимизда уларнинг тарихи ва таржимаи ҳоли, ҳаёт йўли ва ижодларини бемалол ўрганишларига чексиз-чегарасиз имкониятлар бор. 

Ҳозирги кунда ёшу кексаларимизга ўз-ўзини яккалаш, касал юқтириб олмаслик,  коронавирусдан эҳтиёт бўлиш, ўзи ва оиласини хавф остига қўймай, соғлом яшашларига имконият яратиш кабилар ҳам эътиборимизда бўлиши керак. Ва муҳим томони биз уйда қолиш ва турли машғулотлар билан шуғулланишга ўрганаяпмиз.  Шуларга қараб бизнинг қандай яшаётганимиз, фалсафамиз, орзу-мақсадларимиз билинмоқда. Шунга қараб биз Мустақилликни қанчалар англаб, пандемиядан қанчалар огоҳлигимиз фарқланмоқда. Агар карантин қоидаларига риоя қилсак, кўнглимиз равшанлашади, ёруғлашади. Кўнгил ёруғлиги эса энг олий саодатдир.

Азамат ТАВБОЕВ,
Халқ депутатлари Пайариқ туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+