Коррупцияга қарши биргаликда курашамиз

30.04.2024 17:04:32

Жамият ривожига салбий таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан бири коррупциядир. Инсониятни ташвишга солаётган ушбу ижтимоий иллат, яъни коррупция инсон ҳуқуқларининг бузилишига, ҳаёт сифатининг ёмонлашувига олиб келади. Шу сабабли унга қарши курашиш барчамизнинг олдимизда турган долзарб вазифа. Ўзбекистон «Адолат» СДП Избоскан туман кенгаши томонидан «Коррупцияга қарши биргаликда курашамиз!» мавзусида ташкил этилган давра суҳбати айни шу масалага бағишланди.

Партия фаоллари, МФЙ раислари ва жамоатчилик вакиллари иштирокидаги тадбирда таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш, жамиятнинг барча соҳаларида коррупциявий омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўз олдига жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва жамоатчиликнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришни асосий вазифа сифатида белгилаб олган «адолатчилар» бу борада фуқаролар орасида тарғибот ишларини олиб бормоқда. Избосканлик партиядошларимиз маҳалла фаоллари билан фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали бу иллатни олдини олмоқда. Аксарият ҳолларда қонунчилик талабларини билмаслик натижасида жиноятга йўл очиб берилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ҳуқуқшунослар иштирокчиларга коррупцияга қарши амалдаги қонунчилик борасида маълумот берди, партия фаолларининг бу борадаги ҳуқуқий саводхонлиги муҳим эканлиги таъкидланди.

Дилфуза Аҳмедова, халқ депутатлари Избоскан туман кенгаши депутати:

-Бугун олдимизга қўйилаётган вазифа чиндан ҳам долзарб. Ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига путур етказади. Коррупцияга қарши кураш халқаро миқёсдаги каби республикамизда ҳам долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Янги Ўзбекистонни янада ривожланиши учун бу масалага эътиборсиз бўлмаслигимиз керак. Айни шу мақсадда жамоатчилик орасида мунтазам тушунтириш ишларини олиб боришни ўз олдимизга мақсад қилиб олдик.

Давра суҳбати давомида ҳуқуқшунослар мавзу юзасидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларига жавоб бердилар.

 
«Адолат» СДП
Андижон вилоят кенгаши
Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+