Миллий либос — миллат кўрки

17.04.2024 16:04:21

Шу кунларда ҳудудлар бўйлаб "Хон атлас" ҳафталиги ўтказилиши муносабати билан Шеробод туман Ахборот-кутубхона маркази бошланғич партия ташкилотида "Миллий либос — миллат кўрки" мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Оила ва хотин-қизлар туман бўлими ходимлари, БПТлар фаоллари, Ахборот-кутубхона маркази ходимлари ва маҳаллалар хотин-қизлари иштирок этишди.
Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад, ўзбек миллий урф-одат ҳамда қадриятларини тарғиб этувчи либосларни оммага тақдим этиш, замон талаблари билан уйғун миллий либосларни тарғиб этиш, ёш дизайнерларни қўллаб-қувватлаш эди.
Унда кийиниш одоби, маданияти, миллий либосларнинг тарихи ва бугунги кундаги уйғунлашуви, бу борадаги мавжуд муаммо ва камчиликлар бўйича маърузалар тингланди.


Айтиш жоизки, кийиниш маданияти деганда, жамият ичида кишининг инсонийликка хос кийинмоғи, кийиниш борасидаги инсонга хос мажбуриятларини бажариш тушунилади. Шунингдек, кийиниш маълум маънода кишининг эстетик дидини, маданият даражасини ифодалайди. Маданият бобида кийинишнинг ўзига хос одоб-ахлоқ меъёрлари мавжуд бўлиб, бу ҳар бир миллатнинг тарихига ҳам бевосита боғлиқдир. Қадимдан биз яшаган минтақа ҳар бир соҳада, жумладан кийиниш маданияти борасида ҳам ўзга халқларга ибрат, намуна бўлган. Кийинишдаги дид-фаросат киши тарбиясининг гўзаллигини кўрсатиб турувчи омилдир. Дарҳақиқат, кийиниш маданияти хилма-хиллик ва ўзига хосликни ифода этади. Кийим нафақат инсоннинг зийнати, балки гўзал хулқнинг безаги ҳамдир.


Мавжуда Раҳимова, Ахборот-кутубхона маркази ходими, тадбир иштирокчиси:
- Давра суҳбатида иштирокчиларга миллий либосимиз инсон зийнати эканлигини, либосларимиз орқали қайси авлод вакили эканлигимиз яққол намоён бўлиши таъкидланди. Мутахассислар томонидан аёлларнинг эстетик дид, кийиниш маданияти юзасидан миллийлик билан уйғунлашган намуналарни, шунингдек, турли соҳаларда ишлайдиган аёл ходимларнинг, уй бекаларининг жамоат жойлари ва уй ичида кийиладиган либослари бўйича умум эътироф этилган меъёрлар бўйича намуналар (эскизлар) тақдим этилди.
Бу каби тарғибот тадбирлари хотин-қизларнинг миллий қадриятларга муҳаббат ва эътиборини ошириб, ватанпарварлик туйғуларини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшади.

Манзура Улуғбердиева,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Шеробод туман “Аёллар қаноти” Кенгаши фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+