Миришкорда кўплаб муаммолар ҳал этилди

30.04.2024 10:04:31

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Махфурат Хушвақтова Миришкор туманидаги Янги Жейнов, Оқмачит, Янги Миришкор, Обод, Помуқ МФЙ аҳолиси билан учрашувида «Инсон қадри улуғланаётган юрт» деган эзгу ғояни илгари сураркан, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, ҳудудларни ижтимоий*-иқтисодий ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Шу куни миришкорликлар ўзларини қийнаб келаётган муаммоларни очиқ-ойдин баён этишди. Шахсий оилавий муаммолар билан бир қаторда, кўпчиликни қийнаб келаётган ички йўллар, газ, электр энергияси, сув таъминотидаги узилишлар, бандлик, тадбиркорлик, тиббий хизмат ва бошқа камчиликлар депутат саъй-ҳаракати билан дарҳол таъминот корхоналари ва масъул раҳбарлар томонидан инобатга олиниб, ижроси таъминланадиган бўлди. Депутат камчиликларни назоратга олди.
Миришкор маҳалласида 645 та хонадон бўлиб, уларда 3410 нафар аҳоли умргузаронлик қилади. Депутат аҳоли хонадонларида ҳам бўлиб, фуқароларни ташвишлантираётган муаммолар билан қизиқди.

-Маҳалламизда бозор йўқ,- деди аҳоли номидан Ҳилола Аҳмедова.- 17 километрлик ички йўлларга асфальт ётқизиш керак. Маҳалламизнинг 12 та кўчаси ички йўллари таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Қариялар учун масжид қурилишини бошлаш вақти келди. Маҳалламиз болалари таълим-тарбия оладиган 40 умумий ўрта таълим мактабига эса қўшимча ўқув биноси ва спорт зали ҳанузгача барпо этилмай келиняпти.

Депутат фуқаролар мурожаатларини обдон ўрганиб, кундалик ҳаётда аҳолини ташвишга солиб келаётган муаммоларни туман миқёсида мутасаддилар иштирокида ечим топишга эришди.

Махфурат Хушвақтова туманда фаолият юритаётган кийим-кечак маҳсулотлари ва томат ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарда ҳам бўлиб, ишчи-хизматчилар билан суҳбатлашди. Кийим-кечак ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхонада фаолият юритаётган 155 нафар ишчининг қарийб 140 нафари уйда ўтирган хотин-қизлар экани депутатни хушнуд этди. Махфурат Хушвақтова келгусида янги лойиҳалар асосида корхона цехларини янада кенгайтириб, туманда етиштирилаётган пахта хом ашёсини шу ернинг ўзида қайта ишлаб, яна юзлаб ишсиз аёлларимизни бандлиги таъминлаш имкониятлари борлиги юзасидан кўрсатма берди.


«Адолат» СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+