Муаммога ечим топилади

27.02.2024 17:02:00

Бугун Қашқадарёдаги қайси газ қуйиш шохобчаларида бўлманг, турнақатор навбатларнинг шоҳиди бўласиз.
- Мен эрталабдан буён шахсий автомашинамга газ қуйдира олмай сарсонман,- деди Қарши шаҳридаги Механизатор МФЙ даги газ қуйиш шохобчасида навбатда турган Илҳом Рустамов. - Бугун мўлжаллаб турган анчагина ишларим бор эди. Қарийб, 6-7 соатдан кўпроқ вақтим шу ерда беҳуда ўтди. Бу муаммога қачон барҳам берилади?!


Ҳа, ҳаво салгина совий бошлаши билан барча газ қуйиш шохобчаларида аҳвол шу. Аҳолини жиддий ташвишлантириб келаётган ушбу муаммони бартараф этишда Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши фаоллари ва депутатлар ҳам газ қуйиш шохобчаларида бўлиб, камчиликни бартараф этиш чорасини кўришаяпти. Куни кеча ўрганишларимиз самараси сифатида Қарши шаҳридаги Батош, Қарши туманидаги Ертепа МФЙ ҳудудида жойлашган газ қуйиш шохобчаларида ҳайдовчиларга одатдагидек иш режа асосида газ тақсимлана бошлади. Депутатлик гуруҳимиз аъзолари Муҳаббат Шаропова, Абдуқаҳҳор Ахмедов, Қўйли Нарзуллаев, Мақсуда Мустафоева каби ўн нафар вилоят ва 58 нафар шаҳар, туман халқ вакиллари иштирокида барча газ қуйиш шохобчаларида муаммони бартараф этиш чорасини кўраяпмиз. Президентимиз алоҳида таъкидлаганларидек, одамларнинг дарду ташвишларини ўз вақтида бартараф этиш барча даражадаги давлат хизматчиларининг бурчидир. Шундай экан, газ қуйиш шохобчаларидаги муаммоларни тезроқ бартараф этиш чорасини кўришимиз шарт. Зарур пайтда маҳаллий ҳокимлик идоралари ва масъулларга депутатлик сўровлари юборамиз.
Мақсадимиз муаммоларга ўз вақтида ечим топиб халқимизни давлатдан рози бўлиб яшашини таъминлашдан иборат.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Дилшод Ҳамзаев томонидан Энергетика вазирлигига депутатлик сўрови ҳам киритилибди. Энди республикамиз бўйича газ қуйиш шохобчаларидаги муаммолар тез кунда ўз ечимини топади, деган умиддамиз.

Руиддин Раупов,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё
вилоят Кенгаши раиси, халқ
депутатлари вилоят Кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+