ОМҚП депутати сайлов округларида

26.04.2024 11:04:07

 Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати Қодир Жўраев ўзи сайланган Вобкент туманида бўлиб, фуқаролар билан учрашув ва мулоқотлар олиб борди.
Жумладан, туман ҳокимлиги биносида туман идора ва ташкилотлари билан бирга фуқароларнинг навбатдаги қабули ташкил қилинди. Қабул давомида 13 нафар фуқаронинг турли туман мурожаатлари тингланди. Улар асосан, уй-жой қуриш, ишга тиклаш, фарзандининг контракт тўловини тўлаш, қуёнчилик фермасида етиштирилган гўшт маҳсулотини реализация қилиш, ички йўлларни таъмирлаш, солиқ масаласида қарздорликнинг сабабларини аниқлаш ва бошқа масалаларда тегишли ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ ариза ва шикоятлардир.
Депутат Қодир Жўраев тумандаги «Хайрхуш» ва «Хайробод» МФЙларда истиқомат қилаётган мўътабар онахонлар — Гулсара опа ва Зулейха опалар билан учрашиб, уларнинг ҳолидан хабар олди. Самимий мулоқот сўнгида муҳтарама онахонлар Яратгандан юртимиз тинчлиги ва барқарорлиги бардавом бўлишини тилаб, дуо қилдилар.

«Хайробод» МФЙ фаоллари билан бўлиб ўтган учрашувда маҳалла раиси О Муродов маҳалла ҳудудида мавжуд 7 та қишлоқда 4020 киши истиқомат қилишини айтиб, маҳалла еттилиги томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Депутат маҳалла ҳудудида мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, хусусан, чет элдан қайтган меҳнат мигрантларини иш билан таъминлаётган корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган сиёсат ҳақида маълумот берди.
«Хайробод» МФЙ ҳудудида ҳал қилиниши лозим бўлган бирламчи вазифалар сифатида Миришкор қишлоғида теракдан бўлган 21 та қўлбола симёғочларни бетон устунларга алмаштириш ҳамда Қумробод, Хайробод ва Миришкор қишлоқларида 300та хўжаликларга ичимлик суви қувурини ўтказиш масалалари кўтарилди. Депутат ушбу муаммолар бўйича туман ҳокимлиги мутасаддилари билан бирга кўриб чиқилишини маълум қилди. Учрашувда Вобкент тумани халқ қабулхонаси мудираси Л. Шарипова ҳам иштирок этди.
Депутат Қодир Жўраев, шунингдек, туман халқ қабулхонаси мудираси Л Шарипова билан бирга «Шанба» МФЙ да маҳалла фаоллари билан учрашиб, уларнинг муаммо ва мурожаатларини ўрганди. Маҳалла раиси Л. Ражабова давлатимиз томонидан қабул қилинган тегишли қарор асосида ёшлар ва ишсизларга 20,15 сотихдан ер берилаётгани, шу пайт қадар ер ажратишни сўраб 68 та ариза тушгани ва уларнинг 40 таси ижобий ҳал қилиниб, суғориладиган захира ерлар ажратилгани ҳақида маълумот берди. Л.Ражабова МФЙнинг янги биноси қурилишини жадаллаштиришда амалий ёрдам сўради. Депутат ушбу сўровни туман мутасаддилари билан маслаҳатлашиб, ижобий ҳал қилишини айтди.

Вобкент тумани 24-мактабга депутат Қ Жўраев педагогик жамоа билан учрашиб, уларга Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинаётган янги қонунлар, шунингдек, мамлакатимизнинг ички ва ташқи сиёсати, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тожикистонга амалга оширган расмий ташрифи ҳақида маълумот берди. Педагоглар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар ва ҳудуддаги айрим муаммолар, хусусан, мазкур МФЙ ҳудудида жойлашган Чашмаи Айюб меъморий обидасига олиб борувчи Хайрхуш – Хайрабодча автомобили йўлининг 5 км қисмини таъмирлаш масаласини кўтариб чиқдилар. Учрашув сўнггида мактабда таълим-тарбия жараёни самарадорлигини янада ошириш йўлида амалга оширилиши зарур бўлган долзарб вазифалар таҳлил қилинди.
Ушбу мактабнинг ўзида депутат Қ. Жўраев 11-синф ўқувчилари учун маҳорат дарсини ташкил қилди. Савол-жавоблар тарзида ўтган қизиқарли дарс мобайнида депутат мамлакатимиз таълим тизимидаги ўзгаришлар, хусусан, олий таълимдаги янгиликлар ҳақида маълумот берди ва мустақил ҳаёт бўсағасида турган йигит-қизларга оқ йўл тилади.

Депутат Қодир Жўраев, Халқ қабулхонаси мудираси Л Шарипова, Халқ таълими бўлим мудири М Фармонов Вобкент тумани «Ширин» МФЙ ҳудудидаги янги мактабгача таълим ташкилоти биноси қурилиши жараёни билан танишди ҳамда қурилиш ишларини сифатли бажариш, янги МТТни замонавий ўқув қуроллари билан жиҳозлаш ҳамда малакали тарбиячиларни ишга жалб қилиш бўйича ўз тавсияларини берди.

Амин Ҳамидов
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
депутат ёрдамчиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+