Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги борасидаги стратегияси маълум қилинди

23.02.2021 10:02:36

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳамда сўз эркинлиги борасида амалга оширилаётган кенг кўламдаги ҳаётий ташаббусларнинг ҳар бири дунё ҳамжамияти нигоҳи Ўзбекистонга қаратилишига сабаб бўлмоқда. Ўтган йиллар давомида дунёнинг ривожланган давлатлари тажрибасига таянган Ўзбекистон бугун ўз йўли ва ташаббуслари орқали айрим ривожланаётган ва ривожланган давлатларга намуна бўлмоқда. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати борасида Ўзбекистонда изчил амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар натижасида мамлакатни жаҳон танимоқда ва тан олмоқда.

Бунга бугун бўлиб ўтган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг маърузасида келтириб ўтилган фикрлар ҳам яққол мисол бўла олади.

Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва Кенгаш доирасидаги фаолиятининг устувор йўналишлари сифатида еттита йўналишга алоҳида тўхталиб ўтди.

Жумладан, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистондаги ислоҳотларда алоҳида устуворлик касб этиши таъкидланди. 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашни кўзда тутадиган “ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойили асосида амалга оширилади.

Шу ўринда бу каби бағрикенглик тамойилининг 2021 йилга мўлжалланган Давлат дастурида ҳам алоҳида вазифа сифатида киритилганлигини эътироф этиш зарар. Эътиборли жиҳати шундаки, 2021 йил “Ёшларни қўллаб қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг 255-бандида 30 июль – Халқаро дўстлик кунини юртимизда “Халқлар дўстлиги куни” деб белгилаш назарда тутилган эди. Мазкур банд ҳам қисқа фурсатларда ижро этилиб, жорий йилнинг 10 февраль куни “Халқлар дўстлиги кунини белгилаш” тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонуни Президент томонидан имзоланиб, кенг жамоатчиликка тақдим этилди.

Эндиликда, Ўзбекистонда яшаб келаётган 130 дан зиёд миллат ва элат ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари Конституция ва қонунларида белгиланган тенг ҳуқуқ ва имкониятлардан фойдаланиб, иқтисодиётнинг турли тармоқларида ва ижтимоий соҳада, илм-фан ва маданият соҳаларида самарали меҳнат қилишлари ҳамда “Халқлар дўстлиги куни”ни кўтаринки руҳда нишонлашлари учун яна бир ҳуқуқий асос яратилди.

Шунингдек, Ўзбекистонда гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган амалий ишлар ҳам тизимли равишда амалга ошириб келинмоқда. Жорий йилда Ўзбекистонда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқоти ва хотин-қизларнинг минтақавий бизнес-форумини ўтказиш режалаштирилган.

Шу билан бирга давлатимиз раҳбари ўз маърузасида алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ташаббусларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, мамлакатимизда Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги янги қонун кучга кирди. Имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш борасида бир қатор лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев бу каби масалаларни тизимли ҳал этиш мақсадида Минтақавий кенгаш тузишни таклиф этди.

Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг 65 фоизидан ортиқ қисмини ташкил этган ёшлар масаласи ҳам кун тартибидаги асосий ташаббуслардан бири бўлди. Сўнгги тўрт йилда Ўзбекистонда амалга оширилатган барча соҳалардаги ислоҳотларда ёшларга оид Давлат сиёсати доимо эътибор марказида бўлиб келмоқда.

Шу боисдан, жорий йил Ўзбекистонда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб эълон қилинди. Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказиш, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини тақдим этиш ҳамда Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи институтини таъсис этиш масалаларини ҳаётга татбиқ этишга тайёргарлик кўрмоқда.

Ўзбекистонда фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш бўйича ҳам қатъий чоралар кўриб келинмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида 1995 йилгача мамлакатга кўчиб келган фуқароларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигининг берилиши натижасида 50 минг нафар ватандошимиз Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди, бу йил 2005 йилгача мамлакатга кўчиб келган яна 20 мингдан зиёд киши фуқароликка эга бўлиши белгилаб олинган.

Хулоса қилиб айтганда, фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, Ўзбекистонда сўз эркинлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни ҳамда Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни жорий этилиши натижасида одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишларига тўлалигича барҳам берилади. Бу борада Қийноқларга қарши конвенциянинг Факультатив протоколи ратификация қилинади.

 

Зухра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракциячи аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+