Ўзбеклигимиз фақат паспортда қолиб кетмасин

16.10.2020 17:10:48

Она тилимиз дунёдаги уч мингга яқин тил орасида туркий тиллар оиласига мансуб бўлиб, жонли тил сифатида қипчоқ, қарлуқ, ўғиз лаҳжаларида намоён бўлади. Ўзбек адабий тили эса ана шу лаҳжалардаги сўзларнинг маълум бир меъёрига келтирилган шаклидир.

Тил – мустақилликнинг энг биринчи белгисидир! Ҳа, ҳудди шундай, ҳеч қандай фармон, ҳеч қандай қарор, ҳеч қандай Конституция мустақилликни давлат тиличалик белгилаб бера олмайди. Шунчаки тасаввур қилиб кўринг, мустақил давлат сифатида бутун аҳолимиз инглиз, рус ёки бошқа тилда гапирса. Ҳужжатларимиз, пештахталар, эълонлар, газеталар барчаси мана шу тил асосида юритилса, мустақиллигимиз қаерда қолади? Бундай мустақилликнинг кимга кераги бўлади?

Мустақиллик йилларидан ҳозирги вақтга қадар бўлган даврда ўзбек тилига бўлган муносабатни таҳлил этар эканмиз, беихтиёр одамни жунбишга келтирадиган бир қанча саволлар туғилади. Нега энди қишлоқларимизда туғилиб ўсган беғубор отахону – онахонларимиз, тенгдошларимиз, ака-ука, опа-сингилларимиз шаҳарга келиб қайсидир сотувчи ёки хизмат кўрсатувчи ходимга қийналиб рус тилида нималарнидир тушунтириши керак? Нима учун ота-бобоси, келиб чиқиши ўзбек бўла туриб, оилада рус ёки бошқа тилларни афзал кўрувчилар кўпаймоқда? Болаларни мактаблардаги рус синфларга топшириш қаердан кириб келган урфга айланди? Нима учун давлат ташкилотларида, айниқса, Тошкент шаҳридаги ташкилотларда иш юритиш рус тилида олиб борилади, рус тилини билмаган кадрлар ишга қабул қилинмайди? Бу ҳам етмаганидек, ўзбек тилидаги иш юритишнинг аҳволи ҳам жуда ачинарли, аксарият ҳолларда, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари раҳбарларидан тортиб ходимларигача ўзбек тилида жуда қўпол хатолар билан иш юритилади (тасдиқлаш учун барчаларидан диктант кўринишида ёзма иш олиш мумкин).

Она тили бугунги кунда нафақат миллий ғурур балки сиёсат даражасига кўтарилган масала бўлиб турибди. Хабарингиз бор ижтимоий тармоқларда бу мавзу юзасидан анча катта тортишувлар ва “бегоналар”нинг аралашуви гувоҳи бўлдик. Буюк адибимиз Абдулла ҚодирийнингЎзбек тили камбағал эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар”, - деган гапларини юқоридаги сиёсатпарастларга қарата айтгинг келади киши.

Биз, Ўзбекистон аҳолиси, буюк ўзбек халқимиз. Ўз она тилимиз, жонажон тилимиз бўлмиш – ўзбек тилида гапиришдан асло уялмаслигимиз керак.

Шу ўринда педагогика фанлари доктори, профессор Қ.Йўлдошевнинг ўзбек тили тўғрисидаги фикрларини иқтибос қилишни ўринли: “Бир замонлар миллат деганда бешта белги тушуниларди. Ҳозирги кунга келиб фақат битта белги қолди. Бу миллат тили, бизнинг ҳолатимизда ўзбек тили. Ўзбек тили йўқ бўлиб кетса, ўзбек миллати ҳам йўқ бўлиб кетади. Қоши қанчалик қора бўлмасин, паспортида қанча ўзбек деб ёзилмасин, ўзбек тилини билмадими, демак у ўзбек эмас...”

 

                                Сайдуллаев Шахзод,

Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси

ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети

мустақил изланувчиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+