Қаҳрамон халқнинг меҳр ва садоқати

02.09.2020 16:09:23

Кўксарой қароргоҳида ташкил этилган мазкур байрам тадбири ва Президентимизнинг табрик нутқини Сирдарёда туриб онлайн тарзда кузатдим. Маърузадаги ҳар бир айтилган гап, далилланган ҳаётий мисол ва кўрсаткичлар, тилга олинган иборалар бугунги кунимиз ва келажагимизни гўёки оқ қоғозга тасвирлагандек кўз ўнгимда гавдаланди.

-Ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак: қанчалик қийин бўлмасин, қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди, – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари. Бунинг ифодасини нафақат пандемия даврида, балки Сардоба сув омбори талофатлари ва унинг оқибатларини бартараф қилиш жараёнлари мисолида кўриш мумкин. Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, дунёнинг “манаман” деган қудратли давлатлари карантин даврида бизнинг давлатдек ўз фуқаросига саховат ва кўмак кўрсата олгани йўқ. Менталитетимизга хосликми ёки мардликнинг аждодлардан бизга мерос бўлиб қолганимикан,  ҳар бир ватандошимиз бир-бирини қўллади. Синовли кун дея баҳоланаётган мураккаб жараёнларда қўлида борини ёрдамга муҳтождан аямаган саховатли инсонлар сафи ортди. Дўппини бир чеккага қўйиб ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, миллионлаб одамлар карантин сабаб ташкил этилган “Саховат ва кўмак”  жамғармасидан ёрдам олди. Кутилмаганда келган фалокат эса нафақат Сардоба-ю сирдарёликларни балки бутун Ўзбекистонни, шу юртда яшаётган барчани ҳамжиҳатлик синовидан ўтказди. Имтихонда саховатли қўли ва кўмакка шай қалби билан ғолиб бўлган Ўзбекистон аҳлини бутун дунё ҳамжамияти алоҳида эътироф этди. Ортда қолган ана шундай синовли кунлардаги  халқимизнинг матонатига сабаб эса Юртбошимизнинг ишончи, далдаси бўлди, десам муболаға қилмаган бўламан. Ўз маърузаларида Президентимиз бу ҳақда ҳам алоҳида тўхталиб ўтдилар. Яъни, “Мен турли синов ва курашларда тобланган, иймон-иродаси мустаҳкам халқимизнинг ақл-заковати ва азму шижоатига ишонаман. Мана шундай буюк инсоний фазилатлар соҳиби бўлган, айниқса, бугунги синовли кунларда ўзининг матонати ва ҳамжиҳатлиги билан чинакам жасорат кўрсатаётган қаҳрамон халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан бош эгиб таъзим қиламан”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши депутати бўлганим сабаб Сардоба талофати ва унинг оқибатлари сабаб жабр кўрган халқимизнинг аҳволи, руҳий кечинмалари менга яхши таниш. Чунки талофат юз берган кунлари биз сардорбалик, оқолтинлик ва мирзаободлик аҳоли билан юзлашдик. Эвакуация жараёнида бўладими ёки уларни вақтинчалик бошпана билан таъминлаш вақтларидами, биз депутатлар халқимизнинг олдида турдик. Уларнинг дарду-ташвишига шерик бўлдик ва бу офатни фақатгина матонат билан енга олиш мумкинлигига ишонч ҳосил қилдик. Президентимиз таъкидлаганларидек, халқимизнинг ҳамжиҳатлилигини Сирдарё вилоятига келган “Саховат карвонлари”нинг ниҳоясизлиги мисолида ҳам кўрдик. Албатта бундай халқни қаҳрамон санаш мумкин. Чунки ватандошининг бошига келган синовли кунда кўмак бериш, йиқилганни суяш, фалокат тажовузидан эсанкираб қолмаслик учун инсонда  қаҳрамонлик сифатлари  бўлиши зарур.

Шунингдек, маърузада кейинги йилларда тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйилаётгани, янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётгани қайд этилди. “Кенг жамоатчилик, эл-юртимиз барча ижобий ўзгаришларнинг ташаббускори ва бунёдкорига айланмоқда”, – деди Президент.

Дарҳақиқат, бунёдкор халқимизнинг меҳнат маҳсули бўлган бунёдкорлик ишлари  нафақат пойтахт Тошкентда ёки вилоят марказларида, балки энг чекка қишлоқларда ҳам ислоҳотларнинг амалда эканлигини исботлаб турибди. Масалан Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида талофат сабаб вайронага айланган маҳаллалар, уй-жойлар ва ижтимоий соҳа обеъктларининг бугунги қурилиш жараёнларини улкан қурилиш майдонларига ўхшатиш мумкин. Бир қарангки, офат юз берган илк ҳафталарда кириб бўлмас, кўриб бўлмас ҳолатга келган уй-жойлар ўрнида бугун ҳудди Тошкентдаги каби тўққиз-ўн қаватли уйлар мажмуаси эгалламоқда. 50 га яқин кўп қаватли уйларда аср қурилиши жадаллик билан бўй кўрсатиб турибди. Қурувчилар эса маррани юксак олганига қарамай вақтни ҳам қисқа мўлжаллаган. Мақсад эса уй-жойсиз вақтинчалик бошпаналарда юрган аҳолига қулай ва шинам, энг муҳими сифатли уйларни топшириш. Аср қурилишига қиёслаганимиз жараёнларда эса асосий ижодкорлар Республикамиздаги барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридан  келган қурувчи ва бунёдкорлардир. Мана шу эмасми кенг жамоатчилик, эл-юртимизни барча ижобий ўзгаришларнинг ташаббускори ва бунёдкорига айланганиниг ифодаси.

Президентимиз ўз маърузларида яна бир жиҳатга эътибор қаратдилар. Яъни, жаҳонда юзага келган коронавирус пандемияси ва иқтисодий инқироз, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида рўй берган табиий ва техноген офатлар жорий йилда жиддий синов бўлди. Шу мураккаб вазиятда ғоят муҳим иккита вазифа – яъни аҳолининг соғлиғи ва ҳаётини асраш ҳамда иқтисодиётимизни тиклаш, одамларга ишлаб даромад топиши учун шароит яратиш бир пайтнинг ўзида ҳал этилмоқда. Бу фикрларнинг ҳаётий мисолини кўз ўнгимизда юз бераётган ислоҳотларда кўриш мумкин. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сонли қарорига асосан Сардоба талофатидан жабр кўрган қишлоқ ва маҳаллалардан унча узоқ бўлмаган ҳудудда ҳар бир оилаларга якка тартибда уй-жойлар қуришлари учун 0,04 гектардан ҳамда деҳқон хўжаликларини юритиш учун 0,25 гектардан томорқа ер майдонлари белгиланган тартиб асосида ажратиб берилган. Бугунги кунда ушбу ажратилган ер участкаларига аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида шаҳарсозлик норма қоидаларига асосан коммуникация тармоқлари (йўл, тоза ичимлик суви, электр ва таббий газ) тармоқлари тортиш жараёни олиб борилмоқда. Қурилиш ишларининг бош режаси ҳамда Халқ депутатлари туман Кенгашининг тегишли қарорига асосан, аҳоли яшаш шароитини яхшилаш, маҳалла фуқароларни иш ўрни билан таъминлаш мақсадида зарар кўрган турар жойлар ўрнидан “Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш обьектлари” ҳамда “Экобозор” қурилиши режалаштирилган бўлиб, ушбу объектлари қурилиб ишга тушиши натижасида ўз иш ўрнига эга бўлмаган фуқароларни иш ўрни билан таъминлаш кўзда тутилган.

Зеро "Янги Ўзбекистон" ибораси бу тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, яъни Учинчи ренессанс даврининг бошланганини билдиради. Худди “Янги Сирдарё” ва “Янги Сардоба”ни ўз қўлимиз, меҳнатимиз билан қураётганимиз каби.

 

Дилшунос АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+