Қизларнинг тиббий маданияти етарли даражадами?

14.10.2019 15:10:44

11 октябрь – “Халқаро қизлар куни” муносабати билан Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши Аёллар қаноти ҳамда Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати Нодира Холова иштирокида жойларда бир қатор учрашувлар бўлиб ўтди. Шундай учрашувлардан бири Бухоро шаҳридаги 3-сон умумтаълим мактаби ва Педагогика коллежида ташкиллаштирилди.

Тадбирлардан асосий мақсад қизлар ҳуқуқларини кенгайтириш, хавфсиз таълим олишини таъминлаш, соғлигини муҳофаза қилиш бўлди. Сўзга чиққан депутат дунёда 1 миллиард ёшлардан 600 миллионини қизлар ташкил этишини, айрим мамлакатларда қизларга нисбатан ноҳақликлар бўлаётганлигини ва бу кун айнан шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ташкил этилганлигини билдириб ўтди. Шунингдек, қизларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом ҳаётга эътиборини кучайтириши лозимлиги қайд этилди.

Бугун мамлакатимизда хотин-қизлар фаоллигини янада ошириш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини шакллантириш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Тадбир давомида айни қабул қилинган қонунлар мазмун-моҳияти ҳам тушунтириб ўтилди.      

-Халқаро қизлар куни – дунёдаги барча қизларни ҳимоя қилиш куни экан, албатта, биз ҳар томонлама келажак эгаларимизни ҳимоя қилишимиз, уларни соғлом она бўлиб, жамият ривожига ҳисса қўшадиган даражада улғайтиришимиз лозим. Бугун партия ташаббуси ва депутатнинг фаоллиги билан ўтказилган тадбир барчага кўтаринки кайфият улашди. Айниқса, қизларимиз соғлом муҳитни қандай яратиш, салбий иллатларга қарши курашиш, репродуктив саломатликка риоя этиш зарурлиги ҳақидаги билимга эга бўлишди, бу эса уларнинг тиббий ва маънавий дунёқарашини кенгайтирди, - дейди 3-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Меҳри Абдуллаева.

Бўлиб ўтган учрашувлар давомида тарғибот-ташвиқот материаллари тарқатилди. Қизларнинг муаммолари, фикр-мулоҳазалари, таклифлари ўрганилди. Тадбир барчанинг ҳам маънавий, ҳам тиббий ва сиёсий қарашларини шакллантирди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши ахборот хизмати 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+