Сайлов округидаги учрашувлар

04.04.2024 16:04:25

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев 29-30 март кунлари ўзи сайланган 31-Вобкент сайлов округида сайловчилар билан қатор учрашувлар ўтказди.
Жумладан, у Вобкент тумани ҳокими Фарҳод Умаров билан бирга навбатдаги фуқаролар қабулида иштирок этди. Қабулда турли ариза ва мурожаатлар билан келган 29 нафар фуқаро билан юзма- юз суҳбат ўтказилиб, уларнинг таклиф ва муаммолари бирма-бир эшитилди. Фуқаролар, асосан, бемор кишига тиббий амалиёт ўтказишда моддий ёрдам ажратиш, нотурар бинони ҳужжатлаштириш, аҳоли томорқаларига ариқ тортиш, арзон уй-жой харид қилиш учун субсидия ажратиш, ўқиш учун контракт тўловини тўлашга кўмаклашиш, электр трансформатор ўрнатиш, қурилган бинони кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, кўчма дўкон ташкил қилиш, эски масжидни таъмирлаш, иссиқхона қуриш, Вобкент тарихига оид китоб нашр қилиш, иш билан таъминлаш каби масалаларда кўмаклашишни сўрашди. Баъзи муаммолар жойида ҳал қилинган бўлса, қолганлари юзасидан тегишли ташкилотлар мутасаддиларига зарур кўрсатмалар берилди.
Шу куни Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев Вобкент тумани халқ таълими мудири М. Фармонов, Вобкент тумани халқ қабулхонаси мудираси Лайло Шарипова билан бирга тумандаги 34-мактаб жамоаси билан учрашув ўтказди.


Ушбу мактаб тумандаги энг илғор мактаблардан бири бўлиб, 2023 йилда мактаб битирувчиларининг ОТМга кириш кўрсаткичлари 70 фоиздан кўп бўлган.
Учрашувда депутат Қодир Жўраев юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинаётган янги қонунлар ва уларнинг мазмун моҳияти ҳақида маълумот берди. Мактабда таълим-тарбия ишларининг сифатини янада ошириш, хусусан, касб ҳунар таълимига эътиборни кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Учрашув қатнашчилари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди. Тадбир сўнггида 34-мактаб директори И. Аслонов ўқувчилар учун спорт зали қурилишга ёрдам кўрсатишни сўраб, мурожаат қилди. Ушбу мурожаатни депутат туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар билан бирга маслаҳатлашиб, ижобий ҳал қилиш чораларини кўришини маълум қилди.
Депутат Қодир Жўраев Вобкент тумани «Ўзбакон» МФЙ жамоаси билан учрашиб, бу ерда маҳалла еттилигининг фаолияти билан яқиндан танишди. МФЙ раиси Т. Сафаров маҳаллада ишсиз аҳолини иш билан банд қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, депутат Қодир Жўраев «Арметон» қишлоғида истиқомат қилаётган 90 ёшли Жалол бобо Тешаев билан учрашди. Самимий суҳбат жараёнида Жалил бобо мамлакатимизда бўлаётган ўзгаришлардан жуда мамнун эканини билдириб, бу борада ҳали эътибор қаратиш зарур бўлган айрим масалаларни санаб ўтди. - «Хайрхўш-Хайработча йўналишида автомобиль йўлининг бир қисми таъмирланган бўлса-да, қолган 5-6 км лик қисми таъмирга муҳтожлигича қолмоқда. Шунингдек, XIII асрда аждодларимизнинг юксак бадиий савияси ва маҳорати ила барпо этилган, яқиндагина ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон ёдгорликлар рўйхатига киритилган ноёб обида — Чашмаи Айюб мақбарасини зудлик билан реставрация ва консервация қилиш зарур. Ушбу ҳазира совет даврида бутунлай қаровсиз эди. Ҳозир у аянчли аҳволда. Боз устига, 2011 йилда ушбу ёдгорлик пештоқидаги Пайғамбаримизнинг муборак ҳадислари битилган кошин парчаси бир гуруҳ нопок кимсалар томонидан ўғирланиб, чет элга сотилган ва мамлакатимиз ҳуқуқ-тартибот идораларининг саъй-ҳаракатлари туфайли 2017 йилда мамлакатимизга қайтарилган эди. Лекин мана, салкам етти йил бўляптики, Тошкент шаҳрида сақланаётган кошин парчаси ҳалигача ўз жойига қайтарилгани йўқ. Уни олиб келиб, Чашмаи Айюб пештоқига қайта ўрнатиш керак, — деди Жалил бобо куюнчаклик билан.
Нуроний отахон ҳижолат бўлиб, сўзларини зинҳор шикоятбозлик деб тушунмасликни сўради.
- «Давлат ҳам худди оила каби, — дея сўзида давом этди Жалил бобо, — худди оилада бўлгани каби, давлатда ҳам доимо муаммолар бўлади. Улар ўз вақтида ҳал қилинсагина, жамият барқарор ривожланади, эл-юртдан эса файз-барака аримайди. Яратган Эгамга шукр, мен мана шу кўркам Ватанда умргузаронлик қиляпман. Юртимни янада обод кўришни истайман, бошқа армоним йўқ».
Учрашув сўнггида Жалил бобо ўз ижоди намуналари бўлмиш, бежирим дастхатда ёзилган қатор шеър ва маталларни депутатга тақдим қилди. Депутат уларнинг энг сараларини газета ва журналларда чоп этилишига кўмаклашишини билдирди.

Амин Ҳомидов,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати ёрдамчиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+