Сайловдаги муваффақиятнинг муҳим шартлари билан танишяпмиз

11.09.2019 12:09:26

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ижтимоий муаммоларни ҳал этиш ва инсон манфаатларини рўёбга чиқариш, муносиб ҳаёт тарзини таъминлаш учун шарт-шароит яратиш борасида кенг кўламли ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Албатта, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳозирги шиддатли босқичида, айниқса муҳим сиёсий жараёнлар тоборо яқинлашаётган бир пайтда дастурий вазифаларини рўёбга чиқариш, аҳоли ва электорат билан ишлаш усулларини такомиллаштириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг бажарилишида янада самарали иштирок этиш сиёсий партиялар фаолиятининг муҳим шарти эканлиги барчага аён.

Бу эса албатта юқори тизимлардан тортиб, қуйи бўғинларгача янги иш усуллари ва услубларини қидиришни, тинмасдан ижодий изланишни талаб қилади. Чунки парламент ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар бўлиб ўтадиган жорий йилда партиямизнинг барча бўғинларидаги тузилмаларида ишни пухта ташкиллаштириш, партия ходимлари ва сафдошларимизнинг ҳамжиҳатликда янада фидойилик билан ишлашини таъминлаш, тарғибот ва амалий ишларимиз орқали фуқароларнинг дастурий мақсад ва ғояларимизга ишончини ошириш, бир сўз билан айтганда кучли сайловолди кампаниясини ташкил этиш ғалабани қўлга киритишнинг муҳим асоси бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят кенгаши томонидан Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Самарқанд ҳудудий бўлимида партиянинг вилоят кенгаши ходимлари, туман ва шаҳар кенгаши раислари, туманлараро ижрочи котиблар иштирокида ўтказилган семинар-теринингда ана шундай долзарб масалаларга эътибор қаратилди.

 “Сайловлар: ғалаба стратегияси ва тактикаси” мавзусида ташкил этилган семинар-тренинг ўзаро фикр алмашиш, тўпланган тажрибаларни умумлаштириш, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишларни пухта режалаштириб олишга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.

 Семинар иштирокчиларига сиёсатшунос олимлар, соҳа мутахассислари, хусусан, профессор Ф.Набиев, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Самарқанд вилоят раҳбари Ф.Рахматов, кўп сонли обуначилар эътиборидаги “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири, сенатор Ф.Тошев, сенатор Н.Раббимова, вилоят Адлия бошқармаси ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси О.Муҳаммадиев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, сиёсий фанлар доктори Қ.Жураев, Пастдарғом туман ҳокимлиги юрист-консульти А.Тошбековлар томонидан сиёсий партияларнинг сайлов кампаниясида самарали иштирокини таъминлаш масалаларга эътибор қаратган ҳолда дўстона суҳбат, ўзаро фикр мулоҳазалар алмашиш тарзида олиб борган ҳар бир маҳорат дарслари, амалиётдан келиб чиқиб айтилган сўзлари ҳаётий бўлгани учун ҳам иштирокчиларнинг кўнглига етиб бора олди.

Уч кун давомида фаолият юритган семинар-тренинг қизғин баҳс-мунозараларга бой ўтди. Нотиқлар ўз тажрибаларидан сўзлабгина қолмай, айрим муаммоли вазиятларни ҳам ўртага ташладилар, уларнинг ечими устида ўзаро фикр-мулоҳазалар алмашдилар. Янги ва фаолият давомида катта самара бериши мумкин бўлган таклифлар ҳам билдириб ўтилди. Семинар-тренинг якунида барча иштирокчиларга партия вилоят Кенгаши томонидан “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Ф.Тошев тавсиялари асосида муҳим сиёсий жараёнларга тайёргарлик мақсадида, қолаверса фаолияти давомида фойдаланишлари учун китоблар жамланмаси тақдим этилди.

 Албатта, шундай семинар тренингларни мунтазам ўтказиб туриш биринчидан замон талабларидан ортда қолмасликка, иккинчи тарафдан сайловчиларнинг фикрлаш тарзи, дунёқараши ва талаблари кескин ўзгарган бир даврда сайловда ғалаба қозонишга замин яратиши шубҳасиз.  

Лола Сайидова,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

 

Улашинг!