Токлар остида лолазор

23.04.2024 17:04:03

Кейинги йилларда томорқадан самарали фойдаланиш борасида кўп гапирилмоқда. Бу тўғрида аввалига давлатимиз томонидан маҳалла фуқаролар йиғинларига аниқ кўрсатма бериб келинган бўлса, эндиликда аҳолининг ўзи ташаббус билан чиқмоқда. Бир маҳалла сабзавот маҳсулотлари экаётган бўлса, иккинчи бир маҳалла гулчилик билан шуғулланмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Олтиной Мамирова ўз сайлов ҳудудидаги хонадонларда бўлиб, бу борада олиб борилаётган ишларни ўрганди.

Тумандаги Ёрқишлоқ, Қашқар ва Кўрпа МФЙларида томорқадан фойдаланишда ўзига хос мактаб яратилган. 150 дан ортиқ хонадонларда иссиқхона ташкил этилган, 75 та хонадон эгалари бодринг, помидор, булғор қалампири ва карам кўчатлари етиштириш билан банд. Бунинг натижасида улар йил давомида тўрт маротаба ҳосил олиш билан бирга яхшигина даромад қилмоқдалар.

Халқ вакили сайловчилар билан суҳбатлар давомида томорқадан самарали фойдаланиш учун давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлар, имтиёзли кредитлар ҳамда ўз ўзини банд қилиш борасида тажриба мактабини яратаётган маҳалла фаолларига алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.

Олтиной Мамирова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

-Менга маъқул бўлгани бу йил Қашқар маҳалласида яшовчилар ташаббус билан чиқдилар. Хонадонлар ва йўл четларидаги токлар остида лолазорлар ташкил этилди. Бу ана шу ҳудудни обод қилиш баробарида оилаларга даромад келтирмоқда. Яна бир томони, бу маҳаллада ишсизлик муаммосининг ечим топишига хизмат қилмоқда.

Мазкур МФЙдаги Тараққиёт кўчасида яшовчи Режабхон она Сотволдиевани маҳалладошлари «Лола она» деб атамоқдалар. Бу бежиз эмас. Онахон эрта баҳорда маҳалладошларини лола кўчатлари билан таъминлади. Ҳаммаси моддий манфаатдорлик учун эмас, юрт ободлиги учун.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати О.Мамирова бошчилигида Қашқарда бўлган маҳаллий кенгаш депутатлари ўз сайлов ҳудудларида томорқадан фойдаланишда яратилган тажрибани оммалаштиришга киришдилар.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Андижон вилоят кенгаши Матбуот хизмати.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+