Уч ойлик фаолиятга назар ташланди

05.04.2024 12:04:18

Ўзбекистон «Адолат» СДП Бухоро вилоят Кенгаши фаоллар залида вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари фаолиятининг 2024 йил биринчи чорагида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот анжумани ўтказилди.
Ҳисобот анжуманида «Адолат» СДП вилоят Кенгаши ходимлари, шаҳар ва туман Кенгаши раислари ҳамда депутатлар иштирок этишди.
Йиғилишда сўзга чиққан партия вилоят Кенгаши раиси М. Ҳамидов партиямиз томонидан амалга оширилган ишларнинг режаси, мақсади ва унинг инсон ҳаётида тутган ўрни борасида батафсил тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг партия шаҳар ва туман Кенгаши раисларининг 3 ойлик ҳисоботлари тингланди, таҳлил қилинди ва муҳокама этилди.
Ҳисобот давомида таъкидланганидек, халқ билан юзма-юз мулоқот ўрнатиш мақсадида партиянинг «Муаммо билан юзма-юз» лойиҳаси доирасида барча даражадаги депутатлик корпуслари ва партия фаоллари ҳар ҳафтанинг чоршанба кунлари мунтазам равишда маҳаллаларда халқ билан юзма-юз мулоқотлар ўрнатиб келмоқдалар.
Шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, мамлакатимизда қонунчилик базасини ҳар томонлама мустаҳкамлаш борасида партиянинг «Адолат» сиёсий-ҳуқуқий ўқувлар куни» лойиҳаси доирасида ҳар ҳафтанинг сешанба кунлари ҳар бир туман ва шаҳарлардаги маҳаллаларда аҳолини кенг жалб қилган ҳолда сиёсий-ҳуқуқий ўқувлар ташкил этиб келинмоқда.
Йиғилишда партия вилоят Кенгаши раиси М. Ҳамидов депутатлик гуруҳи фаолиятларини янада жонлантириш, халқ орасида кўпроқ бўлиш, уларни қийнаётган муаммоларига ижобий ечим топишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаб ўтди. Шу вақт оралиғида фаолияти яхши йўлга қўйилган шаҳар ва туман Кенгашлари эътироф этилиб, фаолияти бироз суст бўлган туман ва шаҳар Кенгашларига ишни тизимли йўлга қўйиш, фаолиятни янада жонлантириш масаласи айтиб ўтилди. Жумладан, партиянинг Бухоро шаҳар, Вобкент, Қоровулбозор ҳамда Ромитан туман Кенгашлари фаолияти бошқа шаҳар ва туман Кенгашларига намуна тариқасида кўрсатилди.
Мулоҳазалар қизғин савол-жавоблар асосида олиб борилди. Шунингдек, партия фаолиятини янада жонлантириш мақсадида партия фаоллари ва депутатлар томонидан келгусидаги режалар ҳамда муҳим вазифалар белгиланиб олинди.

Моҳигул Раҳимқулова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+