"Вояга етмаганлар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш" мавзусида тадбир бўлиб ўтди

02.05.2024 09:05:07

Ўзбекистонда сўнгги беш йилда вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар 4.4 баробарга ошган. Биргина 2023 йилда қарийб 3600 нафар вояга етмаганлар жиноят содир этган. Йил давомида товламачилик 70, безорилик 60, қасддан баданга оғир шикаст етказиш 40, номусга тегиш ва одам ўлдиришга уриниш эса 20 фоизга ортган. (Gazeta.uz)
Жиноят содир этган вояга етмаганларнинг энг кўпи Фарғона вилоятида қайд этилган. Бу рақамлар ҳар биримизни огоҳ ва ҳушёрликка чорлаши зарур.

— Бугун интернет тармоқлари орқали тарқалаётган турли жангари ўйинлар ва ахлоқсизликни тарғиб этувчи видео роликлар, турли материаллар албатта ёшларнинг мафкурасига салбий таъсир этиши эҳтимолдан ҳоли эмас, -дейди Ўзбекистон «Адолат» социал демократик партияси Фарғона вилояти Бувайда туман Кенгаши раиси, депутат Хайрулла Турғунов.
«Бир адолатчи юз ёшга тарбиячи» лойиҳаси доирасида туманимиздаги ҳар бир маҳалла ва мактабларда ёшлар билан маънавий маърифий мулоқотлар ташкил этяпмиз. Уларнинг орзу ҳаваслари билан бир қаторда, оилада ёки жамиятда уларнинг руҳиятига таъсир қилувчи омилларни суҳбатлар давомида ўрганиб, бартараф этишга интиляпмиз. Ёшларнинг қизиқишларини инобатга олган ҳолда тадбирларни ранг-баранг ташкил этишга, уларда фаол иштирок этган ёшларни рағбатлантиришни ҳам йўлга қўйдик.
Ана шундай маънавий маърифий тадбирлардан бири тумандаги 35 умумий ўрта таълим мактабида бўлиб ўтди. Маҳаллий аҳлининг турмуш шароитидан келиб чиққан ҳолда халқ ҳунармандчилиги маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.

— Бу тадбирлар ёшлар ҳаётида ўз ўрнини қолдиришига ишончим комил, — деди мактаб директори Ғайратжон Ибрагимов. — Ёшлар кўргазмалар жараёнида унинг ижодкорлари билан суҳбатда бўлдилар, ўнлаб ёшларимиз ҳунармандларга шогирд тушиш истагини билдирдилар.
Ўтказилаётган бу каби тадбирлар, учрашувлар ёшларнинг халқига ва ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбияланишига хизмат қилса ҳаракатларимиз бесамар кетмаганидан далолатдир.

Адолат ҳар бир инсон учун хизмат қилиши олий мақсадимиздир. Уни асл моҳиятини англаб етган ёшлар эса жиноят кўчаларидан йироқ, эзгу мақсадлар сари интилишига ишонамиз.

Гулчеҳра Аҳмедова
 «Адолат» СДП
Фарғона вилоят Кенгаши
Матбуот котиби.

 

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+