Якшанба мутолааси: Раҳмат сенга, коронавирус!.. (давоми)

14.03.2020 11:03:46

Университетда ўқитувчи ва талабаларга тиббий ниқоб тақиб юришни қаттиқ тайинлашди. Ҳар куни эшикдан киришимиз билан ҳамшира тана ҳароратимизни ўлчайди, кўрсаткич баланд чиққан талабани шифохонага жўнатяпти.

– Меники қанча чиқаркин-а? Иситмам бўлса-я! – яна дугонамга кулдим, аслида бу гапим билан ҳамширани ҳам, университет маъмуриятини ҳам мазаҳ қилаётган эдим.

– Агар ҳароратинг баланд чиқса, «Бу вирусдан эмас, муҳаббатдан. Юрагимда ўтим бор», дегин.

– Оҳ, юрагимдаги ўтни ҳисобласа, термометри ёниб кетади.

Текширувлардан эсон-омон ўтиб олиб, дарсга кирдим. Бу ниқоб тушмагурга ҳеч ўрганолмадим-да, нафасим сиқилиб кетяпти. Бунга чидаган шифокорларга балли-ей! Йўқ, барибир тоқат қилолмадим, ечиб ташладим.

– Ланфен Ду, ниқобингни тақ. Ҳозир сени деб мен гап эшитаман.

– Узр, устоз. Бу билан ҳеч чиқишолмаяпман.

– Кўникишингга тўғри келади. Ҳали вери ниқоб юзимиздан тушмайди.

Ўқитувчимга бўйсундим. Аммо бунга беш дақиқа бардош беролдим холос. Ниқобни тўлиқ ечишга хайиқиб, бурнимдан пастга тушириб қўйдим.

– Ланфен Ду! – у яна ўқрайиб қараб қўйди.

– Узр! Мана!

– Рухсат беринглар, мавзудан чиқаман. Сизларга ниқоб ҳақида гапириб берай. Бу ниқоблар – янгилик эмас. Шундоқ ҳам ҳар биримизнинг юзимизда ниқоб бор эди. Бу юпқа матоли ниқоб нима бўпти, вирус чиқмасдан олдин ҳам юзимизни қават-қават ниқоб, темирли ниқоблар остига яширгандик. Бу аслидек кўринмаслик, дегани. Инсоният шундай: дўстдек кўринади-ю, душманнинг ишини қилади. Душмандек гавдаланади-ю, аммо сизга эмас, ўзига ёмонлик қилади. Биз фақат бошқа одамлар қаршисида эмас, ўзимизга ўзимиз ҳам ниқоб ортидан қараймиз. Яъни – асл башарамизни кўрмаймиз, кўролмаймиз, хатоларимизни англамаймиз. Ҳақиқатни фош этмаслик учун ниқобларга яширинамиз. Нега тиббий ниқобга тоқат қилолмаслигимиз керак? Ахир шунча йилдан бери ниқобда яшаяпмиз-ку! Мана бу тиббий ниқоб ҳар неча соатда алмаштириларди? Уч соатда, дейсизми? Биз эса кўринмас ниқобларимизни ҳар сонияда ҳам алмаштириб чарчамадик. Бу – вақтинчалик ниқоб, вирусни енгайлик, ташлаб юборамиз. Аммо юзимиздаги доимий ва қалин ниқоблар сақланиб қолаверади. Уларни қўйиб юборгимиз йўқ.

Устозимиз Гюрен Чжун шу қадар таъсирли ва фалсафий гаплар айтдики, бутун аудитория жон қулоғи билан эшитди. Кимдир чуқур ўйга толди, кимнингдир кўзида ёш қалқди. Ўқитувчимнинг нутқига мен ҳам қойил қолдим ва дарсдан сўнг Фенгджга қўнғироқ қилиб, бу ҳақида сўзлаб беришни кўнглимга тугиб қўйдим.

– Ҳозир фалсафанинг вақти эмас, Ланфен! Карантин эълон қилиндими? Шундан гапир!

– Йўқ, эълон қилинмаса ҳам керак.

– Қачонгача қўл қовуштириб ўтирмоқчи? Ақлини ишлатмайдими?

– Билмадим, билишни ҳам истамайман. Менга бир нарса қизиқ: Қачон келасан? Мени кўрмай қандай қилиб яшаб юрибсан – ҳайронман!

– Ҳозир ишим кўп.

– Қачон кам бўлади?

– Билмадим.

– Сени соғиндим, Фенгдж!

– Эҳтиёт бўл, Ланфен. Иложи бўлса, кўчага чиқма. Ўқишга ҳам бормай турақолгин.

– Мени ўйлаётганинг учун раҳмат, аммо ҳожати йўқ. Ҳаммаси жойида!

Коронавирусни ҳам пиар қилиб юборишди. Уханда ҳаммаёқ тинч-ку, бутун дунёнинг пайтавасига қурт тушди. Худди бундан аввал касаллигу ўлимлар бўлмагандек ваҳима кўтаришяпти. Бир кунда машина остида қолиб нечта одам қурбон бўлади, коронавирусдан ўлган бир-иккита бемор эса шов-шувга айланади.

Менинг вируслар билан ишим йўқ. Фенгджнинг туғилган кунига атиги икки кун қолди. Қандай совға тайёрласам экан-а? Унга жавоб қайтаришим керак. У туғилган кунимда исмимдан келиб чиқди. Мен ҳам шундай қиламан. Аммо, исминг ҳам ўзинг каби мураккаб экан, Фенгдж! Шу жаҳлимни чиқаряпти. Фенгдж – Феникс қуши. Бунга мос қандай совға бўлиши мумкин? У доим айтарди: «Исмимиз ҳам уйқаш. Ланфен – Фенгдж. Мен сенинг давомингман, сенинг изингман, бизлар узвий боғлиқмиз, ажратиб бўлмайди». Азизим, сенга шунақанги ажойиб совға тайёрлайки, ишларингдан кейинги чарчоқ ҳам, касаллик ваҳимаси ҳам тарқаб кетсин.

Веикидан маслаҳат олиб, балога қолдим. «Ҳозир туғилган куну совға кўнгилга сиғарканми, Ланфен? Эсингни еганмисан? Жонимиз хатар устида турибди, бало борган сари яқинлашиб келяпти. Айзбергга тўқнашаётган “Титаник” кемасидамиз. Чўкишимиз аниқ!».

На чора, ўзим ўйлаб топишга мажбурман. Туни билан Веики иккимиз ухламадик. У вирус, мен эса совға ҳақида бош қотириб, қийналиб кетдик. Охири ўйлаб топдим. Миямга келган фикрдан ҳайқиргим келди-ю, яна дугонамнинг олдида хижолат чекдим. Эртасига тонгдан рассомнинг олдига югурдим. Феникс қушининг расмини чиздираман!

Университетда аҳвол яхши эмас. Хорижлик курсдошларим ўз юртига қайтиш тараддудида. Менинг ота-онам ҳам Нанкинда яшашади, ҳар куни телефон қилиб, «Қизим олдимизга кел, Уханни тезроқ тарк этишинг керак», дейишяпти. Мен эса уларга бекор хавотир олишаётганини тушунтириб, ўқишни битирмагунимча бу ердан кетмаслигимни айтавериб чарчадим. Эсизгина, хорижлик талабалар билан анча яқин бўлиб қолгандик, биз улар билан бир оила эдик. Бирор муддатга узоқлашиш ҳам кўнглимизни чўктириб қўйяпти.

– Кетма, илтимос, ҳеч нарсадан қўрқма! – дедим ўзбекистонлик курсдошим Азизга.

– Менга қолса кетмасдим, вирусдан қўрқаётганим ҳам йўқ. Ахир Худо асраса, ҳеч қандай бало таъсир кўрсатолмайди. Асрамаса, ари чақишидан ҳам ўлиш мумкин.

– Зўр гапирдинг! Барибир динингнинг фалсафасига қойил қоламан-да. Шу фикрда экансан, нега кетяпсан?

– Ота-онамни хавотир олдириб яшагим йўқ. Улар мен учун қайғуравериб, адо бўлишди. Тезроқ кўзларига кўриниб, кўнгилларини тинчитай. Мени дунёга келтириб, вояга етказган инсонларга қарши чиқишга ҳақим йўқ.

Азизга нисбатан ҳурматим янада ошди. Тарбиясига, тафаккурига тан бердим. Европалик курсдошларим ҳам кетиш тараддудида. Фақат франциялик дугонам Ирени жомадонларини йиғиштирган жойида йиғлаб келди.

(Давоми бор)

ДУРДОНА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+