Янги таҳрирдаги сайловолди дастур шифокорлар нигоҳида

29.02.2024 12:02:07

Ҳар бир сиёсий партиянинг сайловолди дастури пухта, халқчил ва ҳаётийлиги билан ҳар беш йил давомида партия фаолияти учун дастуриламал вазифасини ўташи билан бирга сайловчилар орасида ҳаётга татбиқ этилиши жиҳати билан партиянинг халқ орасида янада танилишини белгилайди.
Хоразмлик "Адолат" фаоллари турли соҳа вакиллари орасида бўлиб, партиянинг амалдаги ва янги таҳрирдаги сайловолди дастури тўғрисида фикр ва мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар доирасидаги тадбир, давра суҳбатларини изчиллик билан амалга оширмоқдалар.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Хоразм вилоят, Янгиариқ туман Кенгаши томонидан туманда фаолият олиб бораётган 62-сон Оилавий поликлиникадаги бошланғич партия ташкилотида ташкил этилган “Тиббиёт соҳасининг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни” мавзусидаги давра суҳбати ҳам ана шу мақсадларни ўз ичига қамраб олди.
Мазкур даво масканида фаолият олиб бораётган шифокорлар иштирок этган тадбирда партиянинг Янгиариқ туман Кенгаши раиси Барногул Сафаева сўзга чиқиб, мамлакатимизда инсон саломатлиги ҳар нарсадан устунлигини, бу борада тиббиёт ходимлари зиммасига юклатилган вазифалар, соҳага қаратилган эътибор ва яратилаётган имкониятлар инсон қадр-қиммати ва шаънини ҳимоя қилишга хизмат қилаётгани, бунда партиямизнинг муносиб ўрни беқиёс экани тўғрисида мисоллар билан фикрларини баён этди.
Шунингдек, бу йил Парламент ва халқ депутатлари ҳудудий Кенгашларга сайловлар кутилаётгани муносабати билан партиянинг янги таҳрирдаги сайловолди дастурини ҳар сафаргидан ҳам такомиллаштириш, халқчил ва ҳаётийлигини ошириш мақсадида таклифлар йиғилаётгани иштирокчиларнинг диққат марказидан жой олди.
Шифокорлар томонидан, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун оилавий поликлиникаларни моддий техник базасини замонавий, сифатли тиббий воситалар билан жиҳозлаш, шифокор ва ҳамшираларни тиббий малакасини ошириш, энергетика ва табиий газ масаласидаги муаммоларга чек қўйиш зарурлиги каби бошқа таклифларни билдиришди.
Савол ва жавоблар, фикр ва мулоҳазалар қизғин тус олган тадбир сўнгида БПТ фаолиятини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳам муҳокама этилди.

Замира АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+