“Яшил макон”: Дов-дарахтлар — табиат ва жамиятнинг бойлиги

05.04.2024 11:04:02

Юртимиз тупроғи шундай мўъжизакорки, ерга бир чўп суқилса барг ёзиб, новда чиқаради. Бундан завқланган ҳар бир кишининг боғ яратгиси келади. Аслан ҳам боғ яратиш иштиёқи халқимизга қадим-қадимдан мерос бўлиб қолган. Юрт тупроғини муқаддас билган шоҳлардан тортиб, оддий раиятгача ниҳол экиб, ўзидан бир боғ қолдиришни ният қилган ва бунинг уддасидан чиққан.
Чунончи, Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари бошчилигида Самарқанднинг тўрт тарафида «Боғи баланд», «Боғи беҳишт», «Боғи давлатобод», «Боғи дилкушо», «Боғи жаҳоннома» каби ўнлаб мевазор боғлар яратилган. Салобатли чинорлар экилган «Боғи чинор» маскани барпо этилган ва бу боғларнинг ҳар бирида муҳташам қасрлар, сайлгоҳлар бино этилган. Нуфузли меҳмонлар, элчилар қабул қилинган. Боғларнинг гир атрофи муҳофаза деворлари билан ўралган. Шубҳасизки, бу боғларда минглаб боғбонлар, деҳқонлар хизмат қилишган. Пишиб етилган, қуритилган мевалар бозорларга чиқарилган.

Шеърият мулкининг султони ҳазрат Алишер Навоий ҳам юртни обод қилиш, боғлар яратиш ишларига муносиб ҳисса қўшган. Саркарда ва шоҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам боболар ишини давом эттириб, Афғонис­тонда «Боғи шаҳроро», «Боғи жаҳоноро», «Ўртабоғ», «Боғи вафо» ва «Боғи Бобур» каби дилга ором берувчи боғларни барпо этган. Ҳатто оддий фуқаро учун уйланиб, фарзандли бўлган чоғда терак, тол, ўрик, жийда, ёнғоқ экиш бурчга айланиб қолган бўлса, гул, райҳон ва жамбил экиш аёллар учун фазилат ҳисобланган. Шаҳар ва қишлоқлар марказида гузарлар ташкил этилиб, соя-салқинликни таъминлаш учун аҳоли ҳамжиҳатликда чинор, сада, терак экиб, кўкартирган. Ҳовуз ва ариқлар қирғоқларига толлар ўтқазилган. Ниҳолларнинг беталофат ривож­ланиб олиши учун масъул кишилар бириктирилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам мамлакатимизни янада яшилликка буркаш, боғ-роғлар яратиш, экотизимни яхшилаш, ҳаво мусаффолигини сақлаб қолишдек улуғвор ишлар бошида турибди.

Кўзланган мақсадларни амалга ошириш учун «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ишлаб чиқилиб, мамлакат даражасида долзарб вазифалар белгилаб олинган. Ушбу умуммиллий лойиҳани қўллаб-қувватлаган халқимиз аллақачон маҳаллалари ва оилаларига тегишли бўш жойларга яхши ният билан ниҳол қадашни бош­лаб юборишди.

Алоҳида эътироф этиш жоиз, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси фақатгина ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари билан аҳамиятли бўлиб қолмасдан, у халқимизнинг азалий анъаналари, қадриятларимизнинг бардавомлигига ҳам хизмат қилади.

Ҳудудларда 9 минг 452 та маҳалла, жумладан, шаҳарларимизда 39 минг­тадан ошиқ кўпқаватли уйлар қад ростлаган даҳалар мавжуд. Ана шу жойлардаги маҳалла фаоллари, бош­қарув сервис компаниялар хизматчилари ҳудудларда кўчатлар экилишига бош-қош бўлдилар, шу жумладан, ҳар бир фуқаро ўзи истиқомат қилаётган мас­каннинг ободлиги, кўркамлиги йўлида фаол иштирокчига айланди.

Маълумки, иқлим ўзгаришлари сабаб юртимизда йилдан-йилга ёз фасли иссиқ келмоқда. Одатда қуёш тик кўтарилган пайтда соя берадиган баланд, сершох дарахтлар жонимизга оро киради. Шунинг учун бўлса керак, бизнинг шароитда азалдан баланд бўйли дарахтлар экилган. Уларнинг ўзига хос хусусиятларидан бири баҳорда ёмғир, қишда қор ёғишига дахлдорлигида бўлса керак. Чунки қор, ёмғир мўл ёғган пайтларда юртимизда осмонўпар чинору мирзатераклар, тепасига чиқиб мевасини териб олишга юрак бетламайдиган ўрик ва ёнғоқ дарахтлари бўларди. Вақтлар ўтиб, бу қадрдон дарахтлар кексайиб, кесилиб кетди. Уларнинг ўрнига паст бўйли кўчатлар экила бошланди. Уларнинг ҳам, албатта, ўз ўрни, ўз аҳамияти бор. Айни пайтда имкон топиб, қадрдон дарахтларимиздан ҳам кўплаб экишимиз керак. Айниқса, хиёбон ва гузарлар, дам олиш масканлари ва кўпқаватли бинолар олдига бўйдор ва виқорли, сершох дарахт кўчатларини эксак, мақсадга мувофиқ бўларди. Янги экилган ниҳол ҳам гўёки бир гўдак кабидир. У кўп сув истеъмол қилади ва ором истайди. Токи илдиз отиб, ердан куч-қувват олгунга қадар унга меҳр керак бўлади.

Ниҳолни кун тиғида эмас, тунда суғориш фойдали. Демак, кўчат экишдан олдин, аввало, суғориш тизимини яратиб олиш зарур.

Бу йилги «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 125 миллион туп кўчат экиш режалаштирилган бўлиб, ҳудудларда боғлар яратиш ва йўл бўйларида 10 қатордан дарахт экиш ишларига киришилди. Қурилиш лойи­ҳаларида майдоннинг камида 30 фоизига дарахт экиш мажбурияти жорий қилингани ҳам яхши бўлди. Майдончаларда ва йўл ёқаларига экиладиган ниҳолларни нобуд қилмай, ўстириб олиш учун сув билан таъминлашни йўлга қўйиш зарур. Ахир ташиб суғориш билан дарахт илдизи сувга қонмайди ва авж олмайди. Шу сабабли ҳам янги экилган кўчатларни оқар сув билан суғориш тизимига алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Ҳаммамизга яхши маълум, бугунги кунда чиқинди ва ундан иккиламчи маҳсулот ишлаб чиқариш масаласи ҳам ўта долзарб бўлиб турибди. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида баҳорги экиш мавсумини ташкил қилиш билан бирга чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳам қатор вазифалар белгиланди. Экология вазирлигига “Менинг боғим” лойиҳасини ишга тушириш учун бюджетдан 50 миллиард сўм ажратиладиган бўлди. Жойларда 444 та яшил боғ ва 160 та жамоат парклари ташкил қилиш топширилди. Саноат корхоналари атрофи қурғоқ чўлга ўхшаб турарди. Давлатимиз раҳбари ўша жойларда ва барча иссиқлик электр станциялари, гидроиншоотлар, сув омборлари атрофида ҳам кўчатлар экилиши зарурлигини таъкидлади. Шунинг­дек, эндиликда чиқинди тўпланадиган ҳудудлар атрофида ҳам терак, тут, гужум, заранг экиб, яшил белбоғ барпо қилинадиган бўлди.

Экология ва атроф-муҳит тозалиги масаласи ҳамиша энг долзарб масала бўлиб келган. Бу борада аҳоли билан кенг кўламда тушунтириш ишлари олиб бориш, озодаликда намуна бўлган оилаларни рағбатлантириб бориш лозим. Аслида тозаликка болаларни боғча ёшидан ўргатиш муҳим. Кўчат эккан, боғ яратган кишилар маҳалла томонидан моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаб борилса, жуда яхши бўлар эди. Айни пайтда баъзи қиш­лоқларда тоза ичимлик суви муаммоси долзарб бўлиб турибди. Айрим тарбия кўрмаган инсонлар чиқинди ва ахлатларини ариққа ташлаб кетадиган бўлиб қолган. Бу масала билан санитария-эпидемиологик осойишталик маркази жиддий шуғулланиши, мунтазам назорат рейдлари ўтказиб туриши керак, назаримизда.

Аввалги пайтлари қишлоқ хонадонлари саранжом-саришта бўларди. Бир кафт ахлат кўчага чиқмаган. Бугун бу борада ҳам аҳвол яхши эмас. Чиқинди ташишни зиммасига олган ташкилотлар ўз ишини қониқарли бажармайди. Қонун бўйича мазкур ташкилот ҳар бир хонадон билан якка тартибда ўзаро шартнома тузиб олган бўлиши шарт. Ташкилот ходимлари бажарилмаган иш учун ҳам айрим хонадон соҳибларидан мажбурий пул ундирилаётгани ҳақида хабарлар келиб турибди. Бу масала билан тегишли идоралар жиддий шуғулланиб, муаммога ойдинлик киритиши зарур.

Мамлакат бўйлаб умумхалқ манфаати йўлида амалга оширилаётган барча ишларда кўпминг сонли фаол, фидоий, ташаббускор партиядошларимиз ҳам четда турмайдилар, албатта. Улар ўз хонадонлари, кўча ва маҳаллаларида дарахт экиб, гўзал гўшаларимизни бунданда обод ва кўркам бўлишида аҳолига ўрнак бўладилар.
Зеро, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Сайлов­олди дастурида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, мазкур соҳадаги фаолият йўналишимиз, устувор вазифаларимиз аниқ белгилаб берилган: “Биз Ўзбекистонда “ақлли бино, ақлли шаҳар” концепция­сини кенг жорий этиш тарафдоримиз. Ушбу концепция энергетик ва моддий ресурсларни истеъмол қилиш даражасини тушириш, қурилишнинг инсонлар саломатлиги ва атроф-муҳитга бўлган салбий таъсирини камайтириш, шаҳарларнинг “яшил белбоғлари”ни кенгайтириш ва ҳимоя қилиш, тоза чучук сув манбаларини муҳофаза қилиш, шаҳарни режалаштириш ишларига ёндашувни тубдан ўзгартириш, табиатнинг саноат корхоналари томонидан ифлосланишини камайтириш, чанг ва заҳарли моддаларни кўп ютувчи дов-дарахтлар кўлами ва турини ошириш, шаҳарлар ва саноат корхоналари атрофида яшил майдонлар барпо этиш каби чора-тадбирларни назарда тутади”.

Дарҳақиқат, инсон ҳаётининг сифати, муносиб турмуш тарзи у яшаётган атроф-муҳит шароитига бевосита боғлиқ бўлиб, бу ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим кўрсаткичларидан биридир.

Шундай экан, мамлакатимизда табиат мусаффолигини сақлаш, хонадонларимизни файзли, дастурхонларимизни тўкин қилиш йўлида ҳамжиҳат бўлишимиз даркор. Яшил макон – келажакка имкон. Бугун эккан ниҳолимиз орадан уч-тўрт йил ўтиб ҳам ҳосил, ҳам соя беради. Энг асосийси, сиз, биз, фарзандларимиз олаётган ҳаво – нафаснинг тозалигини таъминлашга беқиёс ҳисса қўшади. Эзгу мақсад йўлида босган ҳар бир қадамимиз, қилаётган ишимиз, аввало, ёшлар учун ибрат, эккан ниҳолларимиз эса жонажон Ватанимизнинг, ҳар биримизнинг ва ортимиздан келаётган авлоднинг улуғ манфаатлари учун хизмат қилади.

Биз яна бир бор фаол, фидоий, ташаббускор партиядошларимизни ўз хонадонлари, кўча ва маҳаллаларида дарахт экиб, гўзал гўшаларимизни бундан-да обод, боғ ичидаги бўстон масканга айлантиришга, жаннатмакон Ватанимизда экологик барқарорликни сақлаш, тозаликни таъминлашга чақирамиз.

Робахон МАХМУДОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сиёсий Кенгаши раиси.

Манба: "Адолат" газетаси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+