Ёшлар бандлигини таъминлаш масаласи

04.04.2024 13:04:48

Хоразм вилоят Янгиариқ туман ҳокимлигида Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Сессияда барча сиёсий партиялардан сайланган депутатлар, мансабдор шахслар, тегишли мутасаддилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Ўзбекистон «Адолат» СДП Янгиариқ туман Кенгаши депутатлари томонидан туманда «Яхши касб-етук мутахассис-муносиб иш ҳаққи» лойиҳаси доирасида уюшмаган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган, ишсиз ёшлар бўйича олиб борилган ишлар таҳлили ва белгиланган устувор вазифалар тўғрисида» ги масала сессия кун тартибида муҳокама этилди. Кун тартибидаги масала юзасидан Халқ депутатлари Ўзбекистон «Адолат» СДП Янгиариқ туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари-Шавкат Худайбергановнинг ахбороти эшитилди.
Унда қайд этилганидек, туманда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишдаги фаолиятни янада такомиллаштиришда «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастури асосида ёшларнинг дунёқарашини, Она Ватанга садоқат руҳида шакллантириш, замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллашга қаратилган самарали тизим жорий этилиб, ёшларда меҳнатсеварлик, ишбилармонлик қобилиятини ривожлантириш, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва рўёбга чиқариш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Шунингдек, ёшларнинг айниқса, уюшмаган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Ёшлар агентлиги туман бўлими қошида ташкил этилган «Информатика», «Инглиз тили», «Футбол», «Бокс», «Тикувчилик» ва бошқа тўгаракларни қайта ташкил этиш юзасидан таклиф тайёрлаш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.


Савол ва жавоблар, фикр ва мулоҳазалардан сўнг, Халқ депутатлари Янгиариқ туман Кенгашидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП депутатларининг таклифларини эътиборга олиб, Халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан қуйидагича қарор қабул қилинди. Халқ депутатлари Янгиариқ туман Кенгашидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП депутатларининг туманда уюшмаган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган, ишсиз ёшлар бўйича олиб борилган ўрганиш натижалари тўғрисидаги туман Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари Шавкат Худайбергановнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинди.
Туманда уюшмаган ёшлар рўйхатини тўлиқ шакллантириб, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун шарт-шароит яратиш бўйича таклиф киритиш туман ҳокимлигининг Ёшлар сиёсати ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари- Дилшод Матяқубов зиммасига юклатилди. Ишсиз ёшларни иш билан таъминлаш юзасидан алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва ҳар ой якуни билан Халқ депутатлари туман Кенгашига маълумот тақдим этиб бориш туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази раҳбари- Хусинбой Мадаминов зиммасига юклатилди.
Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг барча доимий комиссиялари масъул этиб белгиланди. Мазкур қарор амалиётга йўналтирилди.

Замира АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+