Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаймиз

22.02.2021 17:02:55

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти томонидан  бугун  Қарши шаҳридаги  юридик техникумида “Маънавий етук ёшлар” мавзуида тадбир бўлиб ўтди. Унда маҳаллий Кенгаш депутатлари, ота-оналар, маҳалла фаоллари, ёшлар, ҳамкор ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Тадбирда кун тартибидаги масала юзасидан сўзга чиққан партия вилоят Кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти етакчиси, халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати Ҳусниддин Бердимуродов ёшларнинг етук мутахассис, юксак билимли ва интеллектуал салоҳиятли, маънавий баркамол шахслар бўлиб  улғайишлари учун муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан юртимизда барча қулай  шарт-шароитлар яратилаётганини  айтиб ўтди.

-Партиямиз сайловолди дастурида ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, улар қалбида ватанга муҳаббат  туйғуларини уйғотиб, турли мавфкуравий таҳдидлардан асраш устувор вазифа сифатида белгиланган,-деди Ҳусниддин Бердимуродов.-Бу ҳақда Президентимиз  ҳам жорий йил 19 январь куни  маънавий-маърифий ишлар тизимини  тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар  онгини турли ёт ғоялардан асраш ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдилар.

-Айтиш керакки, бугун ёш авлод тарбиясига нафақат оила, маҳалла, давлат ва жамоат  ташкилотлари ҳамкорлиги  тарғиботи,  балки четдан кириб келаётган миллий  ғоямизга зид ғоялар, оммавий ахборот воситалари ва интернет  тармоқларида  намойиш этилаётган маълумот, лавҳаларнинг таъсири ҳам  жуда юқоридир,-деди техникум ўқитувчиси Баҳоргул Намозова.-Техника тараққиёти маҳсули бўлган бизнинг ёшларимиз онгига тўғри келмайдиган жангарилик, уруш-тўполон, зўрлаш, бузғунчилик саҳналаридан ташкил топган вайронкор ғояларни тарғиб қилувчи сериаллар, кўринишлар ўзининг салбий таъсирини ўтказмай қолмайди. Бу эса барчамизни огоҳликка, сергакликка чорлайди.

Шунингдек, тадбирда партия вилоят Кенгаши раиси Руиддин Раупов, Қарши шаҳар Кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти етакчиси Мадина Аллабердиева ва бошқалар ҳам сўзга чиқиб, ёшларнинг замонавий касб-ҳунар сирларини пухта ўрганиши, уларни ишга жойлаштириш, тадбиркорликка оид ташаббусларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш юзасидан ўз таклиф мулоҳазаларини билдиришди. Ёш авлод  тарбиясида Ўзбекистон “Адолат” СДП, маҳалла ва оилалар ҳамкорлигининг ўзига хос жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ёш авлод қалби фақат яратувчилик, эзгу ғоялар, самимий меҳру муҳаббат ва ширин орзу умидлар билан безалиши тадбирда эътироф этилиб, бу сифатларни улар онгига турли кўриниш ва  йўллар билан аста-секин сингдирмоқ зарурлиги қайд этилди.

                                                           Гулноза РАДЖАБОВА,

     Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят  Кенгаши

                                   раиси  ўринбосари

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+