ЮНЕСКО Бош конференцияси сессиясига мамлакатимиз мезбонлик қилиши Ўзбекистон учун катта ишонч ва масъулиятдир

04.04.2024 14:04:38

Маълумки, 2023 йил 7-22 ноябрь кунлари Париж шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 42-сессияси якунида унинг навбатдаги, 43-сессиясини 2025 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиш бўйича тарихий қарор қабул қилинди. Ушбу қарорни ташкилотга аъзо 194 давлатнинг барчаси қўллаб-қувватлади. Бу эса сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга берилган юксак баҳодир.
Шу муносабат билан ушбу тарихий қарор ва умуман, Ўзбекистон – ЮНЕСКО алоқалари тўғрисида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари, сиёсий фанлар доктори, профессор Қодир Жўраев билан суҳбатлашдик.
— Аввало, ЮНЕСКО ташкилоти ҳақида, унинг дунёда тутган ўрни ва фаолияти ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
— ЮНЕСКО БМТнинг ихтисослашган муассасаларидан бири бўлиб, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, 1946 йил ташкил қилинган. Ташкилотнинг асл мақсади аъзо мамлакатларда таълим, фан, маданият ва ахборот-коммуникация соҳаларини ривожлантиришдан иборат. Бош қароргоҳи Париж шаҳрида жойлашган. ЮНЕСКО норасмий равишда “БМТнинг ақл лабораторияси” деб аталади. Улуғ ҳинд мутафаккири ва давлат арбоби Жавоҳарлал Неру ўз вақтида ЮНЕСКОга “инсониятнинг виждони” деб таъриф берган эди.
Ҳозирда ЮНЕСКОга 194 мамлакат аъзо. Яна 12 та мамлакат ва ҳудудлар ассоциатив аъзо мақомига эга. Бугунги кунда 400дан ортиқ халқаро ноҳукумат ташкилотлар ва жамғармалар, халқаро ва ҳудудий бирлашмалар ЮНЕСКО билан ҳамкорлик қилади.
— Ўзбекистон ЮНЕСКО билан қайси соҳаларда ҳамкорлик қилмоқда ва сиз ушбу ҳамкорликни қандай баҳолайсиз?
— Ўзбекистон Республикаси ЮНЕСКОга 1993 йил 26 октябрда аъзо бўлиб кирган. 1996 йилдан бери Тошкент шаҳрида ЮНЕСКО ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда. Ташкилотга аъзо давлатлар ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссия тузиши ва шу комиссия орқали алоқаларини мувофиқлаштириб бориши лозим. Шу нуқтаи назардан 1994 йил 29 декабрда ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси ташкил этилди.
Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон ЮНЕСКО билан турли йўналишларда самарали ҳамкорлик қилиб келди. Бу борада, энг аввало, ЮНЕСКО томонидан 1992-2001 йиллар давомида нашр этилган «Марказий Осиё цивилизациялари тарихи» китобини нашрга тайёрлашда ўнлаб давлатлар, шу жумладан, ўзбекистонлик тарихчи ва археолог олимлар фаол қатнашганини алоҳида таъкидлаш зарур.
Яна бир йўналиш бу ЮНЕСКОнинг юбилей саналарни нишонлаш бўйича фаолиятидир. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг қадим тарихи билан боғлиқ саналарни ЮНЕСКО раҳнамолигида кенг нишонлаш мамлакатимиз ҳали мустақил бўлишидан олдин бошланган эди. Мисол тариқасида ЮНЕСКО доирасида нишонланган Aбу Райҳон Беруний (1973) ва Aбу Aли Ибн Сино (1980) таваллудининг 1000 йиллигини келтириш мумкин. Мустақиллик йилларида эса бу анъана янада ривожланиб, 1994 йилда Мирзо Улуғбекнинг 600 йиллиги, 1996 йилда Aмир Темурнинг 660 йиллик юбилейи доирасида ЮНЕСКОнинг Париждаги бош қароргоҳида Aмир Темур ҳафталиги, илмий конференция ва кўргазма ташкил этилди.
Шунингдек, қатор тарихий шаҳарларимиз ва буюк алломаларимизнинг юбилейлари нишонланди. 2023 йил сентябрда ЮНЕСКО Бош қароргоҳида қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1150 йиллиги нишонланди. ЮНЕСКО халқаро юбилейларининг кейинги икки йиллик рўйхатига “Девони луғоти турк” асарининг 950 йиллиги ҳамда қорақалпоқ шоири Ажинияз Қосибай ўғлининг 200 йиллиги киритилди.
Бундан ташқари, ЮНЕСКО билан ҳамкорликда “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали, фольклор, бахшичилик санъати, ҳунармандчилик, мақом санъати фестиваллари ЮНЕСКО шафеълигида ўтказиб келинмоқда.
ЮНЕСКО билан ҳамкорликнинг кейинги йўналиши бу кадрлар тайёрлаш салоҳиятини оширишга бевосита ёрдам кўрсатиш мақсадида мамлакатимиз олий таълим муассасаларида ташкил этилган ЮНЕСКО кафедраларидир. Юртимиздаги етакчи олий таълим муассасаларида ЮНЕСКОнинг “Дунё динларини қиёслама тадқиқ этиш”, “Сув дипломатияси, сув ресурсларини бошқариш ва атроф-муҳит муҳофазаси”, “Маданият туризми” каби кафедралари фаолият олиб бормоқда.
— Кейинги йилларда Ўзбекистондаги турли қадамжолар ва асори-атиқалар ЮНЕСКО рўйхатига киритилмоқда. Ана шу рўйхатлар ва уларга киритилган объектлар ҳақида маълумот берсангиз.
— Дарҳақиқат, мамлакатимизнинг ЮНЕСКО билан икки томонлама муносабатларида ЮНЕСКОнинг халқаро рўйхатлари алоҳида ўрин тутади. Бу борада бир қатор рўйхат ва регистрларни алоҳида санаб ўтиш мумкин. Жумладан, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига шу пайтга қадар Ўзбекистондаги 5 та объект киритилган бўлиб, булар — Хивадаги Ичан қалъа мажмуаси, Бухоро шаҳрининг тарихий маркази, Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий маркази, Самарқанд — маданиятлар чорраҳаси ҳамда Буюк ипак йўлининг Зарафшон-Қорақум коридори.
Таъкидлаш жоизки, “Ипак йўли: Зарафшон-Қорақум коридори” (Silk Roads: Zarafshan-Karakum Corridor) 2023 йилда киритилган бўлиб, унинг номзодномаси Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон томонидан ҳамкорликда тақдим этилди. Мазкур номзодномага киритилган жами 31 та тарихий обида турли даврларда бунёд этилган бўлиб, Буюк ипак йўлида жойлашган. Улар Марказий Осиё халқларининг бой маданий-тарихий мероси дурдоналари ҳисобланади. Уларнинг 15 таси Ўзбекистон, 9 таси Тожикистон ва 7 таси Туркманистон ҳудудида жойлашган.
Ўзбекистон ҳудудида жойлашган 15 обида қуйидагилардан иборат: Жартепа оташпарастлар ибодатхонаси, Сулаймонтепа, Кофирқалъа қўрғони, Дабуссия қўрғони, Қосим Шайх меъморий мажмуаси, Мирсаид Баҳром мақбараси, Работи Малик карвонсаройи ва Сардоба, Деггарон масжиди, Чашмаи Айюб мақбараси, Вардонзе қўрғони, Вобкент минораси, Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуаси, Чор Бакр некрополи, Варахша қўрғони ҳамда Пойкент қўрғони.
ЮНЕСКОнинг яна бир рўйхати бу Инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхати деб номланади. Ушбу рўйхатга ўзбек халқи номоддий маданий меросининг 14 та элементи (шундан 10 таси 2016 йилдан кейин) киритилган. Булар – Шошмақом (Тожикистон билан биргаликда), Бойсун маданий анъаналар, Катта ашула, Аския зукколик санъати, Палов билан боғлиқ маданият ва анъаналар, Наврўз байрамини нишонлаш анъаналари (минтақа мамлакатлари билан биргаликда), Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази: атлас ва адрас тайёрлашнинг анъанавий технологияларини сақлаш, Лазги, Миниатюра санъати, Бахшичилик, Ипакчилик ва анъанавий ипак тайёрлаш санъати, Хўжа Насриддин ҳақидаги анъанавий ҳикоялар, Ўзбекистон кулолчилик санъати, Иллюминация санъати: наққошлик (Озарбайжон, Тожикистон, Туркия ва Эрон билан биргаликда), Ифторлик ва унинг ижтимоий-маданий анъаналари (Озарбайжон, Туркия ва Эрон билан биргаликда).
ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон табиий мероси рўйхати ҳам мавжуд бўлиб, бу рўйхатга Ўзбекистоннинг иккита объекти киритилган. Булар Ғарбий Тянь-Шань (2016) ҳамда “Турон чўллари” (2023)дир.
ЮНЕСКО “Жаҳон хотираси” реестри 1992 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади ҳужжатли мерос — қоғоз, аудиовизуал, рақамли ёки бошқа ҳар қандай форматдаги муҳим ва доимий қийматга эга бўлган ҳужжатлар ёки ҳужжатлар тўпламининг қайтариб бўлмайдиган йўқотилишининг олдини олиш, авайлаб асраш ва кенг жамоатчиликка етказишдан иборат.
2023 йилга қадар ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” реестрига Ўзбекистон Республикасидан Тошкент шаҳрида сақланаётган Муқаддас Усмон Қурони, Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган қўлёзмалар тўплами, Хива хонлиги девонхонаси ҳужжатлари киритилган эди. 2023 йилда эса Ўзбекистон тарихига оид яна 2 та ҳужжатлар тўплами — Мавлоно куллиёти ва Бухоро амирлигининг Қушбеги маъмурияти архивлари тўплами ушбу реестрга киритилди.
Яна бир муҳим йўналиш ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон биосфера қўриқхоналари тармоғи бўлиб, унга Ўзбекистоннинг 2 та объекти киритилган. Булар — Чотқол давлат биосфера резервати (1978) ва Қуйи Амударё давлат биосфера резервати (2021).
— Сўнгги йилларда Ўзбекистон – ЮНЕСКО алоқаларида яққол жонланиш ва фаоллик сезилмоқда. Икки томонлама ва кўп томонлама турли тадбирлар ўтказилмоқда ва ҳамкорликдаги режалар тузилмоқда. Шулар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
— Ҳақиқатан ҳам кейинги йилларда Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди. Мамлакатимизнинг обрў-нуфузини янада юксалтиришда, унинг жаҳон ҳамжамияти билан икки ва кўп томонлама ҳамкорлигини янада кенгайтиришда ЮНЕСКО муҳим платформа вазифасини ўтаб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКО Бош директори О.Азуле билан уч марта учрашди. Бунинг натижасида 2017-2023 йилларда миллий маданий меросимизнинг 14 та ноёб намунаси ЮНЕСКОнинг юқорида қайд этилган рўйхатларидан жой олиб, инсоният мероси сифатида халқаро миқёсда эътироф этилди. Бухоро шаҳри Ижодкор шаҳарлар тармоғига киритилди.
2022 йилда Ўзбекистон тарихда илк бор 2022-2026 йилларга мўлжалланган ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитаси аъзолигига сайланди.
2022 йил 14-16 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида ЮНЕСКО Бош директори О.Азуле ҳамда дунёнинг 150 га яқин давлати вакиллари ва халқаро ташкилотлар мутасаддилари иштирокида ЮНЕСКОнинг мактабгача таълим ва тарбия масалалари бўйича иккинчи Бутунжаҳон конференцияси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ҳозирга қадар ЮНЕСКОнинг 10 та халқаро конвенциясига қўшилган. Яна бир муҳим янгиликлардан бири 2023 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда сунъий интеллект соҳасида одоб-ахлоқни тарғиб этиш орқали илмий мулоқотни рағбатлантириш бўйича Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО – Ўзбекистон халқаро мукофоти таъсис этилди.
— Маълумки, 2025 йилда Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ўтказилади. Ушбу олий анжуманга тайёргарлик ишлари қандай, ундан қандай натижалар кутилмоқда?
— Таъкидлаш жоизки, Бош конференция ЮНЕСКОнинг олий органи бўлиб, унинг сессиялари ҳар икки йилда бир марта бўлиб ўтади. Ўтган 40 йилдан ортиқ вақт давомида Бош конференция сессиялари фақат Париж шаҳрида ўтказиб келинган. Фақатгина 1985 йил Болгариянинг София шаҳрида бўлиб ўтган.
Албатта, ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг бош қароргоҳи сифатида Самарқанд шаҳри танлаб олиниши бежиз эмас, бунда чуқур рамзий маъно мужассам. Зеро, ушбу кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳар азал-азалдан тарихий учрашувлар, тамаддунлар мулоқоти маркази бўлиб келган. Бу ерда турли маданиятлар ўзаро учрашиб, бир-бирини тўлдириб, бойитиб келгани ҳеч кимга сир эмас.
Самарқандда ўтказиладиган ушбу олий анжуманга тайёргарлик ишлари ҳозирданоқ бошлаб юборилди. 2024 йил 15 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2025 йилда ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг Самарқанд шаҳрида ўтказилишига тайёргарлик кўриш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат нуфузли халқаро анжуманни юқори савияда ва ташкилий жиҳатдан юксак даражада ўтказиш учун пухта тайёргарлик кўришга қаратилган қатор вазифалар белгилаб берилгани билан аҳамиятлидир.
Қарорда тайёргарлик билан бирга, ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари ҳам белгилаб берилди. Хусусан, мамлакатимизнинг Маданий ёдгорликларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича халқаро тадқиқот марказига аъзо бўлиши учун расмий ариза топширилади. Ўзбекистондаги шаҳарлар, ноёб маданий ва табиий мерос объектларини тегишлича ЮНЕСКОнинг Ижодкор шаҳарлар ҳамда Таълимни тарғиб этувчи шаҳарлар тармоқларига ҳамда бошқа халқаро рўйхатларга киритиш чоралари кўрилади.
ЮНЕСКО Бош конференциясининг 1995 ва 1997 йилларда бўлиб ўтган 28 ва 29-сессиялари шахсан иштирокчиси сифатида шуни таъкидлашим мумкинки, ушбу олий анжуман, ҳақиқатан ҳам йирик оламшумул воқелик ҳисобланади. Зеро, унда “инсониятнинг виждони” бўлмиш ЮНЕСКО ташкилотининг стратегик мақсад ва вазифалари қабул қилинади. Қолаверса, олий анжуман ишида ташкилотга аъзо барча давлатларнинг нуфузли делегациялари билан бирга ЮНЕСКО раҳбарияти ҳам тўлиқ таркибда иштирок этади.
Самарқандда бўлиб ўтадиган анжуманнинг яна бир тарихий аҳамияти шундаки, у ЮНЕСКО ташкил топганининг 80 йиллик юбилейи билан ҳамоҳанг тарзда ўтказилади. Шу аснода тузилманинг ўтган давр мобайнидаги фаолияти сарҳисоб қилиниб, истиқболдаги фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб олинади. Қолаверса, ЮНЕСКО янги Бош директорининг айнан Самарқанд шаҳрида сайланиши ҳам бўлажак анжуманнинг нуфузини янада оширади.
Олий анжуман асносида Ўзбекистоннинг маданий-тарихий, илмий-маърифий, туристик имкониятлари, унинг дунё тамаддунига қўшган оламшумул ҳиссаси дунё ҳамжамиятига яна бир бор намойиш этилади. Бир сўз билан айтганда, ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясига мамлакатимиз мезбонлик қилиши, ҳеч шубҳасиз, бу Ўзбекистон учун катта ишонч, айни пайтда масъулият ҳамдир. ЮНЕСКОнинг мазкур қарори Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи юксалиб, жаҳон ҳамжамиятининг ўз ўрни ва сўзига эга бўлган фаол аъзосига айланиб бораётганидан, тинчлик ва барқарор тараққиёт руҳидаги “Самарқанд овози” тобора баландроқ янграётганидан далолат беради.
– Мазмунли суҳбат ва берган маълумотларингиз учун ташаккур!

ЎзА мухбири
Муҳтарама Комилова суҳбатлашди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+