Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболлари белгилаб берилди

25.04.2024 15:04:48

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда изчил ислоҳотлар амалга оширилиб, ҳудудларни комплекс иқтисодий ривожлантириш орқали аҳоли бандлиги ва даромадини оширишни таъминлаш ҳамда турмуш фаровонлигини юксалтириш масаласига стратегик йўналиш сифатида эътибор қаратилиб келинмоқда. Шу мақсадда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада оширишга қаратилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан учрашиш ва мулоқот қилиш мақсадидаги Жиззах вилоятига ташрифи давомида ҳудуд иқтисодиётидаги ўсиш нуқталарини белгилаш ва шу орқали ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган қисқа вақт ичида олиб борилган кенг қамровли ишлар барча ҳудудлар сингари Жиззах вилоятининг ҳам нақадар катта салоҳият ва имкониятга эга эканлигини яққол намоён этиб бормоқда. Бирин-кетин бўй кўтараётган янгидан-янги турар жойлар, таълим-тарбия масканлари, замонавий корхоналар, намоён бўлаётган ўзига хос инфратузилма албатта эзгу мақсад йўлидаги фидоийлик мевасидир.
Президентимиз Жиззах вилоятига бу галги ташрифини базальтдан замонавий маҳсулотлар ишлаб чиқараётган корхона билан танишувдан бошлади. Шундан сўнг, Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида қурилаётган «Янги Ўзбекистон» массивини бориб кўрди. Президент Шавкат Мирзиёев Шароф Рашидов туманидаги Туёқли маҳалласида бўлиб, аҳоли турмуш шароити билан танишди. Ташриф давомидаги кейинги манзил Президент Шавкат Мирзиёев «АДМ Жиззах» автомобиль заводи фаолияти билан танишди. Вилоят саноатини ривожлантиришда «Жиззах» эркин иқтисодий зонаси катта ўрин тутмоқда.
У маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича республикада учинчи, экспорт ҳажми бўйича эса олтинчи ўринда туради. Кейинги йилларда унинг фаолияти такомиллаштирилиб, ишлаб чиқаришга қулайлик кенгайтирилди. Бугунги кунда саноат зонасида 33 та лойиҳа амалга оширилиб, 7 минг 670 киши ўз иш фаолиятини олиб бормоқда. «АДМ Жиззах» масъулияти чекланган жамияти саноат зонасида самарали фаолият юритаётган корхоналардан бири. У 2021 йилда ташкил этилган. Ўтган уч йилда «Киа», «Черй» ҳамда «Ҳавал» брендлари остида 23 турдаги 36 мингта автомобиль ишлаб чиқарилган. Лойиҳа доирасида 234 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағлар ўзлаштирилиб, 1 минг 800 та иш ўрни яратилди. Давлатимиз раҳбари заводдаги ишлаб чиқариш жараёнини атрофлича кўздан кечирди. Президентимиз заводда маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, юртимиз саноат корхоналари билан кооперацияни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди. Президентимиз заводда маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, юртимиз саноат корхоналари билан кооперацияни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
Ташрифнинг сўнги куни давлат раҳбари бошчилигида Зарбдор туманида Жиззах вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда барча ҳудудлардаги каби Жиззах вилоятида ҳам катта ўзгаришлар бўлаётгани қайд этилиб, сўнгги етти йилда вилоятга 5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиниб, 2 минг 500 та янги корхона ишга тушган. Уларда 45 мингта доимий иш ўринлари яратилгани, тадбиркорлар сони 2 карра кўпайгани алоҳида эътироф этилди. Давлатимиз раҳбари Жиззах вилояти иқтисодиётини ривожлантириш бўйича қатор ташаббусларни маълум қилди. Йиғилишда уй-жой ва маҳалла инфратузилмасини яхшилаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Бу йил вилоятда 4 минг 500 хонадонли 118 та уй-жой қуриш режа қилинган. Талаб юқори туманларда қўшимча уйлар қуриш, Жиззах шаҳридаги перинатал марказ ва кўприкларни таъмирлаш бўйича кўрсатмалар берилди. Умуман, Жиззахда маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, бизнесни қўллаб-қувватлаш, грантлар ажратиш учун қўшимча 300 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан вилоят ва туман ҳокимлари, вазирлар ахбороти эшитилиб, видеоалоқа орқали хориждаги элчилар ва туманлар жамоатчилиги билан мулоқот бўлди. Йиғилиш давомида Президентимиз вилоят жамоатчилиги вакиллари, нуронийлар ва ёшлар билан мулоқот ўтказиб, уларнинг юртимиздаги янгиланишлар, яратилаётган шароитлар самараси ҳақида ўз ҳаёти ва фаолиятидаги муваффақиятларини тинглади. Давлатимиз раҳбари уларнинг таклиф ва ташаббусларини тинглаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Амалга оширилаётган барча куч ва саъй-ҳаракатлар одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши, муносиб шароитларда умргузаронлик қилиб, меҳнат қилишларига йўналтирилаётгани амалда қандай самара бераётгани мамлакатимиздаги бугунги қизғин жараёнларда ўз ифодасини топмоқда.

 

Пўлат Ҳамзаев
«Адолат» СДП
Жиззах вилоят Кенгаши
раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+