ПОСБОНЛАРИМ

14.01.2024 21:01:57

14 Январь - Ватан ҳимоячилари кунига бағишланади.

Абдукамол РАХМОНОВ

ПОСБОНЛАРИМ

Мустақиллик, тинчлик учун доим қодир
Мангуберди, Темур каби арконларим.
Эл корига камарбаста, чин баҳодир –
Қўли баланд, насли султон полвонларим!
Ватан учун кўкси қалқон посбонларим!

Лочин каби осмонларда баланд учган,
Ҳарбий ишга бел боғлаган, жондан кечган.
Она замин тупроғини севиб қучган –
Қўрқув билмас, ёвқур-зукко полвонларим!
Ватан учун кўкси қалқон посбонларим!

Тоғ келбатли куч-қудратим, дармонларим,
Суянчиғим, ор-номусим, виждонларим,
Ер-осмонни қадр билган ўғлонларим,
Садоқатли фарзандларим – полвонларим!
Ватан учун кўкси қалқон посбонларим!

Юртни асраш ота мерос, бобо мерос
Алпомишлар авлодисан қамчини бос.
Эл-юртига хизмат қилиш мардларга хос,
Қони қайноқ, тулпор минган полвонларим!
Ватан учун кўкси қалқон посбонларим!

Инсон қадрин улуғламоқ бош ғоямиз,
Тинч бўлишсин қўни-қўшни, ҳамсоямиз.
Дунё билсин, куч-қудратли ҳимоямиз –
Ориятли шунқорларим, полвонларим!
Ватан учун кўкси қалқон посбонларим!

Шу тупроққа тиз чўкаман, ҳар кун, ҳар он,
Юрт тинч бўлсин, омон бўлсин ҳар бир инсон.
Сизлар бор-ки, карвоним тинч, тинчдир қўрғон –
Халқ таянчи, мард-забардаст полвонларим!
Ватан учун кўкси қалқон посбонларим!

07.01.2023

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+