Миллий манфаатларига мос келувчи ташқи сиёсат олиб борамиз

03.01.2020 17:01:55

Партиямиз социал-демократия мафкурасига таянади ва ижтимоий адолат, эркинлик, бирдамлик, ғояларини илгари суриб, Марказий Осиё давлатларининг ташқи сиёсати ҳамда ҳар томонлама қўшничилик алоқаларини йўлга қўйган минтақага айланиши тарафдори. Биз Марказий Осиё халқларининг миллати, тили, эътиқоди асосида ўзаро қарама-қарши қўйилишини қаттиқ рад этамиз. Давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳамда ҳамжиҳатликни вужудга келтириб, халқимиз бирлигини, биродарлигини мустаҳкамлашга интиламиз. Сиёсий-ижтимоий муаммоларни тинчлик, келишув йўли билан ҳал этиш тарафдоримиз.

“Адолат” СДП Ўзбекистоннинг давлатлараро муносабатларда ҳамкорлик қилиши ва тенг ҳуқуқли шерик бўлишига ёрдам беради. Партиямиз жонажон Ватанимизнинг мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлашга, халқаро муносабатларда ўрни ва ролини оширишга, Ўзбекистонни турли ҳарбий блоклар иштирокига йўл қўймаслик чораларини кўради. Биз сиёсий ва диний экстремизм, унинг барча кўринишларини қатъий қоралаб ҳамда унга қарши бундан кейин ҳам мафкуравий кураш олиб бораверамиз. Синфий айирмачилик, синфий кураш, шунингдек, қуролли қўзғолонлар ғоясини қатъиян рад этамиз. Айни дамда давлатимиз аъзо бўлган БМТ, ШҲТ, МДҲ, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши ва бошқа халқаро ташкилотларнинг ижтимоий ва инсонпарварлик дастурлари  доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилишни ёқлаймиз. Биз “Халқимизга, энг аввало, тинчлик ва хотиржамлик керак” деган принципни изчиллик билан амалга ошириш тарафдори бўлиб қолаверамиз. Шунингдек, “Адолат” СДП ташқи сиёсатда Ўзбекистон миллий манфаатларига мос келувчи ташқи сиёсат олиб бориш тарафдоридир.

Дарвоқе, партиямиз олдидаги мақсад ва вазифалар, беш йил давомида амалга ошириладиган ишлар Сайловолди Дастурида аниқ баён этилган. Сайловолди дастури келажакдаги ишларимизни қандай амалга ошириш механизмларини белгилаб беради ҳамда партиянинг барча бўғинлари вилоят, шаҳар, туман Кенгашлари, БПТлар ҳамда ҳар бир аъзо учун фаолиятда дастак бўладиган аниқ қўлланма бўлади.

Партиямиз ўз аъзолари ва хайрихоҳлари манфаатлари ҳамда хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, дастурий вазифаларини белгилаган Сайловолди дастурида  армиямизни тубдан ислоҳ қилиш, қўшинни замонавий ҳарбий техника, ахборот-коммуникацион технология билан доимий таъминлаб боришни қўллаб-қувватлайди.

Сайловолди  дастуримизда ҳарбий хизматчиларнинг оилалари ҳам иш билан таъминланиши, ўқиш, пенсия, тиббий таъминот соҳаларида ҳам қонун билан кафолатланган имтиёзларга эга бўлиши масаласи долзарб вазифа сифатида эътироф этилган. Умуман, “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастури  аҳоли манфаатларини қамраб олган аниқ сиёсий стратегияга эга. Мен партиямиз Сайловолди дастурида илгари сурилган барча масалалар ўта долзарб эканлигини алоҳида қайд этмоқчиман.

Ҳа, бизнинг мақсадимиз улуғ. Ижтимоий адолат, ижтимоий ҳамкорликка асосланамиз. Жамият ичида турли-туман қатламларнинг тинч-тотув ва аҳил ҳаёт кечириши, миллатлараро ва динлараро бағрикенгликни улуғлаймиз. Ташқи сиёсатда эса бошқа мамлакатлар билан тенг ҳуқуқли ҳамкорлик тарафдори бўлиб қоламиз.

Бугунги янги давр бизнинг олдимизга янги талаблар қўймоқда. Жамиятда ўз ўрнимизни топиш ва доимий сайловчиларимизга таяниш учун фаол ҳаракат қилишимиз лозим. Биз тарафдорларимизни кўпайтириб, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда, узоқ-узоқ маҳаллалар, қишлоқларгача партия фаолларимиз халқ ичига кириб бораяптилар. Буни вилоятимиз партия ташкилотлари томонидан шу кеча-кундузда корхона, ташкилот, маҳаллаларда уюштирилаётган аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар, турли йўналишдаги тадбирлардан ҳам билиш мумкин.

Биз “Адолатчилар” бутун фаолиятимиз давомида юртимизнинг тинчлиги ва барқарорлиги, қолаверса, Ўзбекистоннинг дунёдаги тенг ҳуқуқли ҳамкор давлатлари  кўпайишига ўз ҳиссамизни қўшаверамиз.

Маъруфжон  ДЖУРАЕВ,

102-Яйпан сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

депутатлигига номзод

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+