ХУРШИД ДЎСТМУҲАММАД 70 ЁШДА

08.01.2021 12:01:26

Бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, серқирра адиб, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, “Дўстлик” ордени соҳиби, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати, филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад қутлуғ 70 ёшни қаршилади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва “Ижод” жамоат фонди жамоалари адибимизни улуғ ёшга тўлгани муносабати билан муборакбод этади.

Дўстмуҳаммедов Хуршид Набиевич 1951 йилнинг 8 январь куни Тошкент шаҳрида туғилган. 1976 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎЗМУ)нинг кундузги бўлимини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – журналист.

Меҳнат фаолиятини 1973 йили “Фан” нашриётидан бошлаган адиб кейинчалик “Ҳуррият” газетаси, “Ўзбекистон матбуоти” журнали каби нуфузли нашрларда бош муҳаррир, Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларини демократлаш ва қўллаб-қувватлаш жамғармасида ҳамраис сифатида фаолият кўрсатди.

Хуршид Дўстмуҳаммад замонавий ўзбек адабиётининг кўзга кўринган вакилларидан бири саналади. Ёзувчининг “Бозор” романи, “Нигоҳ”, “Паноҳ” каби қиссалари, “Жажман” ва бошқа ҳикоялари адабий жамоатчилик томонидан ўзбек насрининг ютуқлари сифатида юксак баҳоланган.

“Жимжитхонага йўл”, “Беозор қушнинг қарғиши”, “Жим ўтирган одам” ҳикоялари адибнинг кейинги йиллар ижодида янги саҳифа очди. “Қичқириқ” (2014) тўплами, “Донишманд Сизиф” (2016) романи  адабиётимизда яратилган жиддий, етук асарлар сифатида эътироф этилди.

Ёзувчи 2019 йили улуғ адибимиз Абдулла Қодирий ҳаётига бағишланган “Ёлғиз” қиссасини “Шарқ юлдузи” журнали орқали эътиборимизга ҳавола этди. Ушбу қисса Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Адиб ва жамият” рукнида нашр этилди, Ўзбекистон давлат драма театрида саҳналаштирилди.

Хуршид Дўстмуҳаммад моҳир таржимон ҳам. У япон адиби Рюноске Акутагава, испан адиби Игнасио Альдекоа, шунингдек, Алес Жук, Борис Саченко, Андриус Риук каби ёзувчиларнинг асарларини ўзбек тилига ўгирган.

Адибнинг “Бозор” романи, “Ҳижроним мингдир менинг” ва “Озод изтироб қувончлари” китоблари 2000 йилги “Офарин” мукофотига сазовор бўлган. 2020 йили Маданият вазирлиги томонидан ўтказилган “Эҳтиром” мукофотига сазовор бўлди. “Йил адиби” наминацияси ғолиби бўлди. Ёзувчининг сценарийси асосида яратилган “Чаёнгул” бадиий фильми (2000) кенг томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинган.

Хуршид Дўстмуҳаммад – филология фанлари доктори. У моҳир педагог сифатида кўп йиллар давомида ёшларга сабоқ бериб келди. Шунингдек, фаол ижодкор сифатида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар иттифоқи томонидан ўтказилаётган адабий-маърифий тадбирларда фаол қатнашиб келмоқда.

Хуршид Дўстмуҳаммад – ижтимоий фаол ижодкор. Унинг теран ва ўткир публицистикаси, адабий мақолалари ҳам чуқур мантиқийлиги, долзарблиги билан ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотиб келади. Уйғоқ қалб эгаси бўлган адиб бугун ҳам адабиётимиз ва жамиятимиз ривожи учун беминнат хизмат қилмоқда.

Унинг адабиётимиз, журналистикамиз, маданиятимиз ривожига қўшган ҳиссаси давлатимиз томонидан муносиб баҳоланиб, 1997 йили “Шуҳрат” медали, 2006 йили “Дўстлик” ордени, 2020 йили “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони билан тақдирланган. 2000 йили “Офарин”, 2017 йили “Эътироф”, 2019 йили “Эҳтиром” мукофотларига лойиқ кўрилган.

 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+