САМАРАЛИ МУЗОКАРАЛАР

13.10.2022 17:10:33

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 октябрь куни Остона шаҳрида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммити доирасида қатор давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.

Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан учрашувда кенг кўламли стратегик шериклик муносабатлари ва кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан олий даражада эришилган келишувларнинг амалга оширилиши кўриб чиқилди.

Қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш ва янги ишбилармонлик ташаббусларини амалга ошириш, Туркия етакчи компанияларининг мамлакатимиздаги давлат корхоналарини хусусийлаштириш жараёнидаги иштирокига алоҳида эътибор қаратилди.

Фаол гуманитар алмашинувларни, энг аввало, маданият ва таълим соҳаларида давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Жорий йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Туркий давлатлар ташкилоти саммитига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди. Вазирларнинг “Ўзбекистон – Туркия – Озарбайжон” форматидаги мунтазам учрашувлари доирасида самарали мулоқотни кенгайтиришга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзига ажратилган қароргоҳда Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Бағдод Амреевни қабул қилди.

Кейинги йилларда ташкилот доирасидаги мулоқот фаоллашиб, кўп қиррали ҳамкорлик кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Жорий йил ноябрь ойида Самарқандда бўладиган саммитга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жиҳатлари кўриб чиқилди.

Давлат раҳбарларининг мажлиси арафасида кун тартибини ҳамда савдо, инвестиция, транспорт, ахборот-коммуникация технологиялари ва гуманитар алмашинув бўйича кўп томонлама ҳужжатларни ишлаб чиқиш мақсадида вазирлар даражасида қатор учрашувлар бўлиб ўтади. 

Ташкилот саммитини пухта тайёрлаш учун ушбу нуфузли минтақавий тузилма котибияти билан яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф бошчилигидаги делегация билан ҳам музокара ўтказди.

Аввал эришилган келишувларга мувофиқ, икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон ва Покистон етакчилари савдо-иқтисодиёт, инвестиция, инновация, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун мавжуд салоҳият ва кенг имкониятлардан самарали фойдаланиш муҳимлигини қайд этдилар.

Афғонистонда тинчлик жараёнига ва ижтимоий-иқтисодий тикланишга кўмаклашиш мақсадида “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўлини қуриш бўйича стратегик лойиҳани амалга ошириш истиқболлари батафсил муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Вьетнам Социалистик Республикаси вице-президенти Во Тхи Ань Суан билан учрашувида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Учрашув аввалида Вьетнам делегацияси раҳбари Ўзбекистон етакчисига Вьетнам Президенти Нгуен Суан Фукнинг самимий саломини етказди.

Музокаралар чоғида шоличилик, пахтачилик, гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш, кимё ва тўқимачилик маҳсулотларини, автомобиллар учун бутловчи қисмлар ва электроника ишлаб чиқариш каби истиқболли йўналишларда ҳамкорлик қилиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун мавжуд имкониятлар қайд этилди.

Ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш мақсадида яқин ойларда экспертлар даражасида ўзаро ташрифлар ўтказилиши, Ҳукуматлараро комиссия фаолияти қайта тикланиши ҳамда Ўзбекистон – Вьетнам Ишбилармонлар кенгаши ташкил этилиши юзасидан келишиб олинди.

Парламентлараро муносабатларни йўлга қўйиш, таълимга оид ва бошқа қўшма гуманитар дастурларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+