Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси  адолат ва қонун устуворлигида

20.01.2022 11:01:04

 Бугунги даврда Янги Ўзбекистон “Инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат” деган муҳим ғоя негизида барпо этилмоқда. Давлатимиз Раҳбари белгилаб берган бу улуғвор мақсад асосида халқимиз янгидан-янги ислоҳотларнинг ҳақиқий муаллифига айланиб бормоқда. Шу муносабат билан, “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида кейинги беш йилликда мамлакатимизда амалга ошириладиган ислоҳотларнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асосларини яратиб беришга қаратилган Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳаси жорий йил 31 декабрдан бошлаб Интернет порталларида кенг жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси етти йўналишдан иборат этиб белгиланди. Бу – бежиз эмас. Зеро, аждодларимиз етти рақамини бахт-саодат ва омад келтирадиган, эзгу ниятни рўёбга чиқарадиган хосиятли тимсол, деб билганлар.

     Бу муҳим концептуал ҳужжатда ислоҳотларимизнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезонга айлантирилди. Миллий ривожланиш йўлида орттирган тажрибамиздан келиб чиқиб, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида барча соҳа ва тармоқлар, минтақа ва вилоятларда хусусан, ҳар бир маҳалла бўйича ўз олдига янада юксак вазифалар қўймоқда.

           Ушбу стратегияда юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини энг олий қадрият этиб белгиланди.

Таъкидлаш керакки, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси миллий ривожланишимизнинг янги босқичини бошлаб беради. Бундан буён барча ишлар “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида ташкил этилади. Асосий қомусимиз кафили сифатида Конституция ва қонунларимиз талабларини сўзсиз бажариш, “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқариш бундан  кейин ҳам  фаолиятимнинг бош мезони бўлиб қолади. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутилган.

         Тараққиёт стратегиясининг иккинчи устувор йўналишида, адолат ва қонун устуворлиги – халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарур шартидир деб белгиланган.

      Хусусан, инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринларини яратиш, эҳтиёжманд аҳолини касбга ўргатиш каби соҳаларда ижтимоий фойдали лойиҳаларни амалга ошириш ва бу жараёнда лойиҳалар мақсади ва кўзланган натижадан келиб чиққан ҳолда белгилаб қўйилган бир йиллик муддатни икки йилга узайтириш, иқтисодий ажратмаларни кўпайтириш, ННТлар фаолиятини тартибга солувчи қонунларни ягона кодекс ҳолатида бирлаштириш каби таклиф ва ташаббуслар ўртага ташланиб, соҳа мутахассислари томонидан атрофлича таҳлилий ишлар амалга оширилмоқда.

        Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш йўналишида белгиланган  мақсадларга эришишга қаратилган 28 та чора-тадбир белгилаб олинди.    

         Дарҳақиқат, ўтган даврда Ўзбекистонда бу борада катта ишлар амалга оширилди. Айни вақтда одил судлов тизимининг чинакам мустақиллиги ва очиқлигини таъминлаш, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини такомиллаштириш, адвокатура институтини кучайтириш, ушбу соҳалар фаолиятини рақамлаштириш бўйича олдимизда кўпгина вазифалар қўйилди.

         Келгусида маъмурий судлар фаолиятини халқаро андозалар асосида такомиллаштириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилади.

Суд хусусий мулк ҳимоясида туриб, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини тиклаш орқали ижро идораларини қонун доирасида ишлашга мажбур қиладиган тизимни яратишимиз зарур. Бу эса жамият тараққиётига, биринчи навбатда, унинг иқтисодий равнақига хизмат қилади.

         Халқпарвар давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, қабул қилинаётган қонун ва қарорларнинг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш муҳим аҳамиятга эга.

         Шунинг учун фуқаролар ўртасида қонунга ҳурмат ва амал қилиш ҳиссини шакллантириш – боғча ва мактабдан тортиб олийгоҳгача, барча таълим муассасаларининг, ҳар бир оиланинг биринчи навбатдаги вазифаси бўлиши даркор.

 

            Музаффар Раупов,

Фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судьяси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+