Аҳоли саломатлиги улкан бойлик

17.02.2022 16:02:24

Ўзбекистон "Адолат" СДП Сариосиё туман Кенгаши томонидан тумандаги "Биллур" маҳалласида "Аҳоли саломатлиги улкан бойлик, жамиятнинг барқарор ривожланиши гаровидир" мавзусида тадбир ташкил этилди. Тадбирда туман Кенгаши депутатлари, туман тиббиёт муассасалари ходимлари, БПТ раислари, маҳалла ёшлари ва партия фахрий аъзолари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар  даставвал, партиянинг сайловолди дастури ва унда белгиланган устувор мақсад ҳамда вазифалар, жумладан, аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини қайта шакллантиришни давом эттириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганлиги хусусида тушунтириб ўтишди.

Шунингдек, “Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш бўйича таъсирчан қонунчилик механизмларини ишлаб чиқиб, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бўйича фуқаролар соғлиғини сақлашнинг асосий принципларини аниқ белгилаш, соғлиқни сақлаш соҳасида инсон ҳуқуқларига риоя қилиш; аҳолининг барча қатламлари тиббий ёрдамдан баҳраманд бўлишини таъминлаш каби мақсадлар белгиланганлиги  хусусида таъкидлаб ўтилди. 

Шундан сўнг, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳоли саломатлиги муҳофазаси ҳамда тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигига тўхталиб ўтилди. Давлатимиз раҳбарияти томонидан тиббиёт соҳасига қаратилаётган эътибор, айниқса, тиббиёт ходимларининг иш ҳақлари аввал 10 фоизга, кейинроқ эса 35 фоизга оширилганлиги, соҳада тамагирлик, коррупция ҳолатларининг олдини олиш, тиббиёт муассасаларини таъмирлаш, моддий техник базасини мустаҳкамлаш ишларини изчил олиб борилаётганлиги  эътироф этилди.

Аҳмад Султонов, туман ўсмирлар поликлиника бош шифокори, БПТ аъзоси:

- Бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Зеро, халқ саломатлиги, миллат генофонди мустаҳкамлиги шу давлатнинг катта бойлиги саналади. Давлатимиз раҳбарияти томонидан  соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган туб ислоҳотлар ана шундай тамойил ва юксак мақсадга қаратилган. Айниқса, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар фаолиятидаги муаммолар ва уларнинг ечимига қаратилган мақсад ва вазифалар белгиланган ислоҳотлар олиб борилаётганлиги қувонарлидир. Олиб борилаётган мазкур устувор ислоҳотлар партиямизнинг дастурий мақсад ва вазифаларига ҳамоҳанглиги билан аҳамиятлидир.

Шунингдек, тадбирда Давлат дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда оналик ва болаликни муҳофаза этишга эътиборни кучайтирилаётганлиги юртимизда ҳар бир инсоннинг соғлом ва бахтиёр турмуш кечириши, гўдакларнинг соғлом дунёга келиши, аёлларнинг репродуктив саломатлиги яхшиланиши, жамият таянчи бўлган мустаҳкам оилаларнинг кўпайишига замин яратиши таъкидлаб ўтилди.

Мухтасар айтганда, инсон саломатлиги энг улуғ неъмат эканлиги барчага маълум бўлган ҳолда, унинг қадрига етиш уни асраб-авайлаш ҳар доим ҳам муҳим масалалардан бўлиб келган. Соғлом одам оламни ҳам тиниқ мушоҳада қилади ва аниқ фикрлайди. Аждодларимиз “соғ танда – соғ  ақл” деб бежиз айтишмаган. Зеро, дунёнинг ободлиги, юртнинг тинчлиги ҳамда халқнинг фаровонлигига эришишда сиҳат-саломатлик асосий ўрин тутади..

Бекзод Аҳмедов,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сариосиё туман

“Ёш адолатчилар қаноти” Кенгаши раиси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+