Андижонлик ёшлар доим пешқадам

06.01.2022 19:01:39

Якунига етган 2021 йилда партиямиз фаолиятида катта ўсишга эришилди, деб айтсак, заррача муболаға бўлмайди. Бу «Адолат» СДП томонидан 2021 йил якуни бўйича жамиятимизда адолат мезонларини қарор топтириш ҳамда партиянинг устувор мақсад ва ғояларини амалиётга татбиқ этишда фаоллик кўрсатаётган ёшлар, хотин-қизлар ва «Ёшлар парламенти» аъзоларини аниқлаш ва уларнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида расмий ижтимоий тармоқларимизда ташкил этилган сўровномаларда ҳам ўз ифодасини топди.

Мазкур сўровномалар натижасига кўра энг фаол «адолатчилар» аниқланди. Қувонарлиси, «Адолат»нинг «Ёшлар парламенти»даги фаол аъзоси» номинацияси бўйича андижонлик Олимжон Турсунов ғолиблар сафидан ўрин олди. Албатта, Олимжоннинг ушбу ютуғи яқинлари қаторида биз, «Адолат» СДП Андижон вилояти Кенгаши фаолларини ҳам қувонтирди.

Айтиш мумкинки, Олимжон чиндан ҳам бундай эътирофга муносиб. У партия сафига кириб келган илк кунларидан ижтимоий тармоқларда фаол тарзда партиямизнинг устувор мақсад ва ғояларини кенг оммага етказиш, жамиятда адолат мезонларини қарор топтиришда жонкуйдириб келади. Фаолимиз «Ёш адолатчи» сифатида мавжуд муаммоларни дадиллик билан кўтариб чиқади, жамоатчиликнинг фикрини ўрганади. Балки, шунинг учун қаҳрамонимиз ижтимоий тармоқдан фойдаланувчилар орасида блогер сифатида қисқа фурсатда жуда тез танилишга ҳам улгурди.

Ёшларни қийнаётган муаммоларни ўрганишда у фаол йигит-қизларни ўз атрофига бирлаштирган. Таълим тизимида ўқувчиларга бўлган эътибор, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, спортнинг оммавийлигини таъминлашда Андижондаги масъул раҳбарларга дадиллик билан мурожаат қилиб, муаммоларни ўз вақтида ечишга уринади. Унинг ташаббуси билан 10 дан ортиқ маҳаллалардаги фойдаланилмай турган спорт майдонлари бугун фаолият юритмоқда.

Янги йилнинг илк кунида «Адолат» СДП Андижон вилояти Кенгашида ўтказилган тадбирда партия фаоллари Олимжон Турсуновни йил танловида эришган ютуғи билан табрикладилар. Ғолибга вилоят Кенгаши томонидан эсдалик совғалари топширилди. Биз Олимжонни муносиб эътироф билан қизғин муборакбод этамиз ҳамда келгуси ишларига омад ва муваффақиятлар тилаймиз!

Малохатхон Мусаева,

«Адолат» СДП Андижон вилояти Кенгаши раиси ўринбосари.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+