Фарғонада “Конституция билимдони” аниқланди

29.11.2021 19:11:30

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Конституция билимдони” кўрик-танловининг Фарғона вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Унда танлов иштирокчиларини ҳолис ва адолатли баҳолаш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси ўринбосари А.Умаров, Фарғона вилояти Адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Э.Олимов, II даражали юрист Б.Мавлонов, маҳаллий Кенгаш депутати, партия фаоли Ғ.Юлдашев ҳамда Фарғона шаҳар 10-сонли умумтаълим мактабининг Давлат ҳуқуқ назарияси фани ўқитувчиси Ж.Хомидовалар таркибидан иборат ҳакамлар ҳайъати тузилди. 

Танловнинг биринчи шартида иштирокчилар таълим олаётган муассасаси, туман (шаҳар) партия ташкилотларининг сиёсий-ҳуқуқий ва ташкилий тузилмаси ҳақида бадиий кўриниш, тақдимот, видеоролик тарзида ўзларини таништириб ўтдилар.

Танловнинг иккинчи шартида иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда амалдаги қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Устави ва Сайловолди дастурига оид саволларга зукколик ва топқирлик билан жавоб бердилар.

Иштирокчилар учинчи шарт бўйича “Адолат” социал-демократик партияси менинг тасаввуримда” мавзусида ўзларининг эркин ижодий ишларини ҳакамлар ҳайъати ва томошабинларга тақдим этдилар. Иштирокчиларнинг шеър, расм, эссе, фотоальбом, тақдимот ва видеоролик тарзидаги ижодий ишлари танловга кўтаринки руҳ бағишлади.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, учинчи ўринни Қўқон шаҳридан Қўқон тиббиёт коллежи ўқувчиси О.Рўзиматова, иккинчи ўринни Учкўприк туманидан Учкўприк тумани 2-сонли касб-ҳунар мактаби ўқувчиси Э.Қурбонов ҳамда фахрли биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини Фарғона вилояти юридик техникуми ўқувчиси А.Анваржонов қўлга киритди.

Ғолиблар ташкилотчиларнинг “Диплом” ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Бунёд Ахмадалиев,

“Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти раис

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+