Интернетдан фойдаланиш маданияти тарғиб этилди

07.03.2022 12:03:48

“Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан пойтахтимизнинг Учтепа туманида жойлашган Юридик техникумида “Интернетдан фойдаланиш маданияти” мавзусида тадбир ташкил этилди. Тадбирда “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раҳбарияти, депутатлар, партия фаоллари, Аёллар ва Ёшлар қаноти, техникум ўқитувчи ҳамда талабалари, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда интернет тармоғи жадал суратларда ривожланмоқда. Бу бўйича давлат даражасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ ундан оқилона ва самарали фойдаланишни барча бирдек уддасидан чиқмаслиги мумкин. Айниқса, бугунги глобаллашув замонида ўргимчак тўридек бутун дунёни қамраб олган интернетдаги турли хил ёт унсурларга алданиб қолаётган ёшлар талайгина. Мазкур тадбирни ташкил этишдан мақсад айнан интернет оламидан фойдаланишда ёшларни тўғри йўлга йўналтириш, уларга зарур билим ва тушунчалар бериш, мафкуравий иммунитетларини мустаҳкамлашдан иборатдир.

Тадбирда сўзга чиққан “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаш раис ўринбосари Абдукамол Раҳмонов инсонларнинг ахборот билан таъминланганлик даражаси сўнгги йилларда анча ошганлиги, энди фақат оммавий ахборот воситалари эмас, ижтимоий тармоқлар ҳам содир бўлаётган воқеалардан хабар берувчи манбага айланганини таъкидлади.

Шунингдек, тадбирда сўзга чиққанлар мавзу юзасидан ўз мулоҳазаларини билдириб ўтишди. Интернет ривожлангани яхши, аммо афсуски, бу борада сон ошгани сайин сифат тушмоқда. Киши тўғри ва фойдали маълумотлар истеъмолчиси эмас, тўқима ва уйдирмалар асирига айланиб қолмоқда. Ёлғон хабарни шунчаки эшитиб ёки ўқиб қўйса майли экан, унга бебаҳо вақти билан бирга ҳассос руҳиятини ҳам сарфлайди. Ҳозир турли канал ва гуруҳлар орқали келаётган хабарлар ва айнан ёлғон-яшиқ маълумотлар одамларни ваҳимага солиб, қалбларини жароҳатламоқда. Ўзлари руҳан синиб бўлгач, яқинларини огоҳлантириш мақсадида, яхшилик қилиш истагида уни бирма бир жўнатиб чиқишга киришадилар. Дарвоқе, хабарга ҳам ушбу ундов тиркалган, “яқинларингизга тарқатинг”, дея ўргатилган бўлади. Аслида буларнинг бари ўйлаб топилган воқеалар, алдов асосида тайёрланган матн, фото, видео, аудио маҳсулотлардир. Уларнинг ортида жирканч мақсадни кўзлаган гуруҳлар, шахслар турибди. Катта бизнес компанияларга душманлик, носоғлом рақобат сабаб улар фаолиятига оид ваҳимали миш-мишлар яратадилар ва тарқатадилар. Ёки яна бир нияти – ўз канали, гуруҳининг обрўсини ошириш, обуначиларни кўпайтириш. Улар шов-шув мақсадида ёлғондан, туҳматдан ҳайиқмайдилар. Бу каби хабарларга диққат билан разм солсангиз, улар грамматик ва орфографик хатоларга тўла бўлади. Шундан ҳам у бир расмий ташкилот ёки шахс эмас, балки саводсиз бекорчи томонидан тайёрланганини пайқаб олиш қийин эмас.

Тадбир якунида Тошкент юридик техникуми ўқитувчиларига фаолликлари учун партия томонидан ташаккурномалар топширилди. Талабалар билан қизиқарли савол-жавоблар ўтказилди.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

“Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши

Матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+