«Конституция билимдони» кўрик-танловининг Республика босқичи бўлиб ўтди

22.12.2022 18:12:40

Баркамол авлод мамлакатимиз келажагининг ҳал қилувчи кучидир. Шу сабабли юртимизда ёшларни ҳар томонлама етук шахс қилиб тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва жамиятда адолат мезонларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айтиш жоизки, ёшларнинг ҳуқуқий савиясини ўстиришда, энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларини билиш ҳамда уларга амал қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Бу борада, Ўзбекистон «Адолат» СДП томонидан «Ватан келажаги ёшлар қўлида» лойиҳаси доирасида ҳар йили ўтказиб келинаётган «Конституция билимдони» кўрик-танлови ўтган даврда эришилган бой тажриба ва бугунги кундаги ижобий самараси билан мамлакатимиз ёшларнинг катта қизиқиши ва эътирофига сабаб бўлмоқда.

Анъанага кўра, жорий йилнинг 22 декабрь куни Тошкент вилоятдаги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг «Дўрмон» ижод уйида мазкур кўрик-танловнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 30 йиллигига бағишланган республика босқичи бўлиб ўтди.

Ёш авлодни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва барча қонунларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимлари, онги ва маданиятини янада юксалтиришни мақсад қилган мазкур тадбирда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, «Ёш адолатчилар» қаноти ҳамда «Ёшлар парламенти» аъзолари, фаоллар, ОАВ вакиллари ҳамда кўрик-танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи ғолиблари иштирок этишди.

Жараёнда таъкидланганидек, сўнги йилларда партия аъзолари сафида ёшларнинг иштироки сезиларли даражада ошиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг халқимиз хусусан, эртамиз эгалари орасида танилиб бораётганлигининг далолатидир.

Агар рақамларга қаралса, бугунги кунда партия аъзоларининг умумий сони 542 минг нафардан ортиқни ташкил этиб, шундан 250 минг нафарини яъни 46 фоиздан ортиғини, айнан ёшлар ташкил этмоқда. Шунингдек, Олий мажлис қонунчилик палатаси ҳузурида ташкил этилган «Ёшлар парламенти» аъзоларининг 45 нафари партиядан сайланган ёшлардан иборат.

Албатта, бу каби ижобий кўрсаткичларни партия томонидан ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда аниқ мақсадларни кўзлаган ҳолда, босқичма босқич, комплекс чора-тадбирларга асосланган ҳолда тизимли амалга оширилаётгани билан боғлаш мумкин.

Шунингдек, партия ёшларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини, фаоллигини кучайтириш, уларнинг сиёсий, ҳуқуқий, тиббий, экологик маданиятини юксалтиришга ҳисса қўшиш, Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг дастурий мақсад ва вазифаларини ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида 10 га яқин лойиҳаларни доимий тарзда амалга ошириб келмоқда.

Тадбирда сўз олганлар айнан бугун ўтказилаётган «Конституция билимдони» кўрик-танловининг республика босқичи ҳам юқорида айтилган қатор эзгу мақсадларга йўналтирилганлигини қайд этишди.

Қайд этилганидек, танловнинг ушбу якуний босқичида мамлакатимизнинг барча туман, шаҳар ва ҳудудий босқичларида иштирок этган 1200 нафарга яқин ёшлар адолатлилик, очиқлик, ошкоралик, рақобат мезонлари асосида сараланиб энг муносиблар Республика босқичига етиб келдилар.

Мазкур босқичда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг масъуллари, «Ёшлар парламенти» аъзолари, партия Сиёсий Кенгаши ҳамда Марказий аппарати фаоллари иборат ҳакамлар ҳайъати ҳар бир иштирокчининг белгиланган шартлар бўйича тайёрлаган чиқишларини талабчанлик билан, одил ва холисона баҳолаб бордилар.

Иштирокчилар танлов низомига кўра, таништирув, савол-жавоб ва эркин мавзу деб номланган учта шарт бўйича ўз чиқишларида мамлакатимиз Конституциясини қанчалик билиши ва айни даврдаги қонунларимиздан мунтазам бохабарлиги, қолаверса, саҳна ва нотиқлик маданияти борасидаги маҳоратини намоён этишга ҳаракат қилдилар.

Якунда энг юқори натижани қайд этган Фарғона вилоятидан 1-ўрин соҳибаси Анваржонова Дилафрузхон Акмалжон қизига, Сурхондарё вилоятидан 2-ўрин соҳибаси Ўролова Шаҳзода Баҳром қизига ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан 3-ўрин соҳибаси Шарипова Ширин Шавкат қизига партия Сиёсий Кенгашининг дипломлари ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди. Шунингдек, кўрик-танловнинг бошқа иштирокчилари ҳам партиянинг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+