Коррупция – ёшлар нигоҳида танловида қатнашганимнинг ўзи рағбат

09.03.2022 18:03:00

Бугун пойтахтимизда жойлашган Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан “Ҳалоллик вакцинаси – тараққиёт гарови” мавзусидаги конференция ҳамда “Коррупция – ёшлар нигоҳида” номли китоб тақдимотига бағишланган тадбир ўтказилди. 

Ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони ҳамда Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори ижросига бағишланган “Ҳалоллик вакцинаси – тараққиёт гарови” мавзусидаги конференцияни ташкил этиш, қолаверса, “Адолат” СДП ташаббуси билан республика таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказилган Республика иншолар танлови якуни бўйича нашр этилган “Коррупция – ёшлар нигоҳида” китоб тақдимотини ўтказишдан иборат бўлди.

Партия томонидан ўтказилган мазкур танловда биринчиликни қўлга киритган Тошкент шаҳар Сергели тумани 267 мактабнинг 11-синф ўқувчиси Болтабоева Диёра ўз таассуротларини баён этади:

  • Дастлаб танлов ҳақида устозларимдан эшитиб қолдим. Сўнг менда ушбу танловда қатнашиш истаги пайдо бўлди. Ёзган иншоимни ўқитувчиларимга кўрсатдим ва бу танлов ҳайъати аъзолари томонидан кўриб чиқилди.

Иншода коррупциянинг жамият учун ўта хатарли ёв эканлигини тасвирлашга ҳаракат қилдим. Жумладан, давлатимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларда коррупция иллатига қарши кескин кураш олиб борилаётгани, бу курашда ёшлар фаол иштирок этиши зарурлигини келтириб ўтдим.

Келажакда ҳуқуқшунос бўлишни мақсад қилганман ва шу соҳа орқали коррупцияга қарши курашишга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. Шунингдек, иншоимда отанинг фарзандига бўлган муносабати, нафсига берилганини ҳаётий мисоллар асосида тасвирлашга ҳам ҳаракат қилдим. Ота пул орқасидан қувиб, ўз фарзандига бўлган меҳри камаяди, натижада таназзуллик ботқоғига ботади.

Иншоим танлов ҳайъати томонидан юқори баҳоланиб, биринчи ўринлар қаторидан жой олганидан бағоятда хурсандман.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

“Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+