Талабаларга ҳам амалий ҳам назарий билим олиб, пул топиш имконияти яратиб берилади

09.03.2022 10:03:52

Ҳар қандай мамлакат тараққиётини таъминловчи стратегия ва мақсадларни самарали амалга ошириш, фақат ва фақат замонавий фикрлайдиган, ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлган кадрларга боғлиқ. Шу боис, мамлакатимизда таълим соҳасини ислоҳ қилиш орқали инсон капиталини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Сабаби, ривожланиш босқичини самарали босиб ўтган мамлакатларнинг 64 фоизи айнан инсон капитали сифати, жумладан, аҳоли томонидан ишлаб чиқариш жараёни ва кундалик ҳаётда самарали ечимларни топиш учун тўпланган билим ва кўникмаларга боғлиқ бўлган.

Бунда эса, узликсиз таълим тизимининг якуний босқичи бўлган олий таълим тизими муҳим аҳамиятга эга. Сўнгги беш йилда юртимизда фаолият кўрсатаётган олий таълим муассасалари сони ҳамда қамров даражаси уч баробарга ошди. Ҳозирги кунда олийгоҳларимизда 510 минг нафар талаба кундузги таълим шаклида, 300 мингдан ортиқ талаба эса сиртқи ва кечки таълимда таҳсил олмоқда. Шундан, 7,5 мингги чин етим ёки ногиронлиги бўлганлар, 4,5 мингги турли “дафтарлар”га киритилган талабалардир.

Албатта, олий таълим сони ва қамровини ошириш борасидаги ишлар тизимли давом эттирилмоқда. Жумладан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси доирасида олий таълим билан қамров даражасини 50 фоизга етказиш, ОТМлар сонини 200 тага, шундан 10 та салоҳиятли ОТМларни QS ва THE халқаро рейтингларига кириш мақсад қилинган. Бунлардан кўзланган мақсад эса аниқ, етук замонавий фикрлаш қобилиятига эга бўлган кадрлар сони ва сифатини ошириш.

Аммо, бугунги дунё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, фақатгина сифатли таълим бериш билангина инсон капиталини ривожлантириб бўлмайди. Талабалар ўқиши жараёнида ҳар сонияда ўзгариб бораётган, соҳалар тараққиёти ва жамиятдаги ёндашувлар билан ҳамоҳанг бўлиб, бевосита ишлаб чиқариш амалиётида ҳам ишлаши лозим.

Куни кеча олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишланган давлатимиз раҳбари бошчилигидаги видеоселектор йиғилишида ишлаш истаги бўлган талабаларга таълимдан узилмаган ҳолда ишлаш имкониятини яратиб бериш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Таҳлиллар натижасига кўра, бугунги кунда мамлакатимиздаги соҳа ва тармоқлар кесимида талабалар ишлаши мумкин бўлган 105 мингта вакант иш ўрни мавжуд. Жумладан, таълим ва хизмат кўрсатиш соҳаларида – 22 мингта, саноатда – 17 мингта, соғлиқни сақлашда – 9 мингта, қурилиш ва қишлоқ хўжалигида – 6 мингта, молия соҳасида – 3 мингта, алоқа ва IT соҳасида – 2,5 мингта иш ўринлари мавжуд. Шунингдек, ректорлар олийгоҳларнинг йўналишига қараб, аҳоли ва тадбиркорларга пуллик хизматлар кўрсатиб, 5 минг нафар талабага қўшимча даромад олиш имкониятини яратиши мумкин.

Бу эса, минглаб тўлов шартномаси асосида ўқиб таълим олиш имконияти йўқ ёшлармизга ўзлари қизиққан соҳа бўйича олий таълим олиш имкониятини яратиб беради. Шунингдек, эртамиз эгалари бўлган ёшларимиз нафақат назарий билим ва кўникмага шу билан бирга амалий тажрибага ҳам эга бўлиб етишишига хизмат қилади.

Йиғилишда юқоридаги каби имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда мутасаддиларга ишлашга эҳтиёжи бор талабаларга ёрдам бериб, уларнинг бандлигини таъминлаш вазифаси юклатилди. Хусусан, бу ишларни тизимли ташкил этиш учун Бош вазир раҳбарлигида республика комиссияси, вилоят ҳокимлари бошчилигида эса, ҳудудларда шундай комиссиялар ташкил этилади. Комиссия вилоят ҳокимлари ва ректорлар билан бирга вакант ўринларни таҳлил қилиб, ҳар бир вилоят бўйича биринчи, иккинчи ва учинчи курс талабаларининг камида 30-40 фоизини ишга жойлаш чораларини кўради. Бундан ташқари, битирувчи курслар талабаларининг келгусидаги иш жойини белгилаб олади ва уларни ҳақ тўланадиган 3-4 ойлик стажировкага юборади.

Бугунги кунда ҳеч кимга сир эмаски, айнан иқтидорли талаба ёшлар тенқурларига чет тилини ўргатиш, касбга йўналтириш, бизнес маҳорат дарслари каби ўқув курсаларини ташкил этиб қўшимча даромад топиш орқали ёшларни ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмаклашмоқда. Аммо, уларда доимий равишда ёшлар учун қулай бўлган жойни топиш ва уни ижарага олиш муаммоси мавжуд бўлиб келган. Шу боисдан, Президентимиз олийгоҳлардаги бўш хона ва иншоотларни талабаларга бепул ажратиш орқали уларда пуллик курслар, тўгараклар ва бошқа хизматлар ҳамда ишлаб чиқаришлар ташкил этиш орқали иш ўринлари яратиш бўйича ҳам мутасаддиларга тегишли кўрсатмаларни берди.

Албатта, бундай тизимнинг ишга туширилиши бир томондан, тўгарак очиш истагидаги ёшларни жой топиш муаммосидан ҳалос этса, иккинчи томондан, минглаб ёшларни отриқча вақт ва маблағ сарфламасдан ўзи таҳсил олаётган олийгоҳда курсларга қатнаб билим ва малакасини ошириш имконини беради.

Музаффара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+