Ёшлар тарбиясида миллий қадриятларимизнинг ўрни

09.03.2022 17:03:40

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қумқўрғон туман “Аёллар қаноти” Кенгаши ташаббуси билан тумандаги 24-умумтаълим мактабида 8-Март Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Миллий анъана ва қадриятларимизни тарғиб қилиш ва миллий маданиятимизни юксалтириш мақсадида “Ўзлигингни англа” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда партия Қумқўрғон туман “Аёллар қаноти” Кенгаши фаоллари, депутатлар, БПТ аъзолари, мактаб педагог-ўқитувчилари ва ўқувчилар  иштирок этдилар.

Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад - миллий ва анъанавий қадриятларни эъзозлаш, ёшлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, улар онгида жамиятимизда тинчлик, миллатлараро тотувлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга бебаҳо ҳисса қўшаётган, соғлом ва баркамол ёш авлодни тарбиялашда фаол иштирок этаётган инсонларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, шу билан бирга, халқимизга хос бўлган эзгу фазилатларни янада юксалтириш, аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган миллий-маънавий бойлигимизни кўз қорачиғидай асраб авайлаш ва янада қадрлашдан иборат эди.

Тадбир давомида  ташкилотчилар томонидан табаррук онахонлар, опа-сингиллар, ҳамда мактабда фаолият юритаётган педагог аёлларни ҳамда ўқувчи қизларни 8-Март Халқаро хотин-қизлар айёми билан табриклаб, қут-барака, бахту саодат изҳор этилди.

 Тадбир доирасида давра суҳбати, баҳс ва мулоқотлар, мактаб ўқувчилари ва ҳаваскорлар ижросида турли саҳна кўринишлари ва миллий анъаналаримиз акс этган  концерт дастурлари ҳамда сумалак сайли ташкил этилди.

Тадбирга ташриф буюрган туман Маданият маркази ёш истеъдодли санъаткорларининг ҳам бадиий чиқишлари бўлиб, уларда Ватан, Наврўз, баҳор, меҳр-муҳаббат,  оламдаги бор эзгу туйғулар тараннуми авж олди. Иштирокчиларнинг ўйин-кулгулари эса байрам дастурининг завқу шавқни, гўзаллигини яна бир чандон оширди.

Мавлуда Худойбердиева, партия Қумқўрғон туман “Аёллар қаноти” Кенгаши фаоли:

­-Ёшлар фаоллигини таъминлашнинг яна бир муҳим йўналиши улар онгида миллий урф-одат ва анъаналарни шакллантиришдир. Миллий урф-одатлар ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасига сингиб кетган бўлиб, бу урф-одатлар бизни айнан қайси халқ вакили эканлигимизни кўрсатувчи изоҳ, яъни, бизнинг ким эканлигимизни исботловчи далил ҳисобланади. Чунки, маънавий баркамол ёшларни ўзига хос бўлган миллий урф-одатлар хайр-саховат, меҳр-оқибат, мурувват, андиша, ор-номус, шарм-ҳаё, иффат, босиқлик, улуғворлик, сабрлилик каби маънавий фазилатлар, меҳмондўстлик, бағрикенглик, оқкўнгиллилик, меҳнаткашлик каби миллий қадриятлар айнан урф-одат анъаналарда қарор топади. Шундай экан, миллий қадриятларга ҳурмат билан қараш миллатнинг ўзига ҳурмат билан қарашнинг асосий белгисидир. Минг йиллар мобайнида шаклланган миллий қадриятларимиз ҳозирги даврда яратилган маданий-маънавий бойликлар билан қўшилиб, тараққиётимизни тезлатади, ғоявий ва маънавий покланишни таъминлашга кўмаклашади. Қадриятларнинг барча турлари инсоннинг айниқса, ёшларнинг фаровон ҳаёт кечириши, эркин яшаши, маънавий-ахлоқий камол топиши учун хизмат қиладиган воситалар бўлиб ҳисобланади.

Мазкур маънавий-маърифий тадбир ёшлар онгу шуурида чуқур таассурот қолдирди.

Дилноза Мўминова,

Халқ депутатлари Қумқўрғон туман Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+